Саноқли кунлардан сўнг янги ўқув йили бошланади. Талаба ва ўқувчилар ОТМ ҳамда мактаблар бағрига қайтади. Таълим бўйича халқаро эксперт Азамат Акбаровнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳамма олий маълумотли бўлиши керак деган тенденция кучайиб бормоқда. Бу эса келажакда олий маълумотли ишсизлар армиясини пайдо қилиши мумкин. Университетларнинг эса бу кетишда жамоат кутубхоналаридан фарқи қолмайди.
Таълимдаги аҳвол қандай?
Халқаро эксперт Азамат Акбаров фикрича, таълимнинг аҳволи ачинарли бўлиб қолмоқда. Бунинг асосий сабаби – мактаб таълимига бориб тақалади. Чунки мактабдан билимсиз бўлиб чиққан ўқувчини 4-5 йилда ОТМлар билимли қилиб қўёлмайди. Бундан ташқари, республикада ҳамма олий маълумотли бўлиши керак, деган ижтимоий тенденция йилдан йилга кучаймоқда. Ўқишдан асосий мақсад эса оила қуриш ёки ижтимоий статусни яхшилашдан иборат. ОТМлардаги баъзи йўналишлар эса бугунги кун талабларига умуман мос келмайди. Лекин фақатгина диплом илинжидаги талабалар бу йўналишларни маҳкам ушлаган. Ҳам ота-онанинг, ҳам давлатнинг, ҳам талабалар зарарига ишлаётган бундай йўналишларни ёпиш керак, дейди Акбаров.
Энг паст баллар – техникада. Бу фожиа
Экспертга кўра, йилдан йилга ҳаттоки, кириш баллини ҳам тўплай олмаган абитуриентлар сонининг юз минглаб бўлиши – мактаб таълими ўзини оқламаётганини кўрсатади. Айниқса, энг паст баллар аниқ ва табиий фанлар бор йўналишларда. Давлат ривожи, ЯИМнинг ўсиши аввало саноат тараққиётига боғлиқ. Бу эса биринчи навбатда физика, кимё, техника фанларини яхши ўзлаштириш ва билим ортидан бўлади. Ўзбекистонда эса баллари энг паст, талаб юқори бўлмаган йўналишлар – техникада. Акбаровнинг фикрича, бу чинакам фожиа. Реал муаммони тан олиш ва унга қарши курашиш керак. Ижтимоий-гуманитар фанлар ривожи давлат тараққиётига асос бўлмайди. Давлатни аниқ ва табиий фан билимдонлари ривожлантиради. Бизда эса акси, дейди суҳбатдошимиз.
Хусусий университетлар ўзини оқлаяптими?
Азамат Акбаров таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги хусусий университетлар, афсуски, ўзини оқлай олмади. Бунинг бир қатор сабаблари бор: биринчиси, ОТМларнинг талабага мижоз ва фойда манбайи сифатида қарагани. Агар мижоз кетса, фойдадан қуруқ қолиш қўрқуви – сифатни унутишга олиб келди. Иккинчиси, хусусий ОТМларни таълимдан буткул йироқ инсонлар очган ва бошқармоқда. Бу эса жаҳондаги ва давлатдаги стандартларнинг оёқости бўлишига олиб келмоқда. Учинчиси, хусусий университетлар мақсадсиз очилган. Аниқ мақсад бўлмаган таълим муассасаси ривож топмайди. Тўртинчиси эса, улардаги йўналишлар. Деярли барча хусусий ОТМларда бир хил йўналиш, на лаборатория, на амалиёт хоналари ҳамда жиҳозлари бор. Бу қўшимча харажат дегани, университетлар эса буни истамайди, дейди эксперт. Лекин жаҳон тажрибасида энг нуфузли университетлар – хусусий. Чунки таомилга кўра, хусусий ОТМларда таълим яхши ва самаралироқ бўлади, қарорлар тез қабул қилинади, саноат ва кадрлар бозори билан мувофиқ иш олиб борилади.







