Кўришга юрак бетламайдиган қийноқлар

Жониворларга зўравонлик акс этган видеолар яқиндан бошлаб ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бўлса-да, кўпчилик уларга озор бериш ҳолатларига болалигидаёқ гувоҳ бўлган. Қийноқлар тасвири тарқалгандан сўнггина, жамоатчилик бу масалага эътибор қаратишни бошлаяпти. Жониворларга зўравонликка оид ҳолатларнинг ўндан ортиғи ўтган бир йилнинг ўзида кузатилган.

Содир этиш тугул, қарашга юрак бетламайдиган тасвирлардан бири 2021 йилнинг июн ойида Наманганда 9-13 ёшли ўқувчилар томонидан содир этилганди. Ўшанда болалар итни дарахтга олиб чиқиб, арқонни шохга боғлаб, унга итни илиб қўйишган. Ит типирчилаб, арқондан чиқолмай жон берган.

Яна бир ҳолат 2021 йил ноябр ойида Тошкентнинг Яшнобод туманида юз берган. Унда 20 ёшли йигит 5 мушукни ушлаб, уларни подъездга олиб кириб қийнаган. 40 дақиқа давомида азобланган мушуклардан бири жон берган.

2022 йилнинг ўзида юз берган яна икки ҳолат дилни жуда хира қилади. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида олинган видеода икки эркак эшакларни фалаж қилиш, йиқитиш учун уларнинг бўйин ва бошига хода билан тинимсиз урган, эшаклардан бири карахт ҳолда ерга йиқилган. Кадрда жониворларга нисбатан бўлаётган шафқатсиз муносабатни вояга етмаган ёш бола кузатиб тургани ҳам акс этган.

Жиззахда юз берган яна бир ҳолат эса ваҳшийликнинг энг юқори даражаси бўлса керак. Унда Зафаробод тумани «Чимқўрғон» ҚФЙда жойлашган «Хуахин» цемент заводи ишчиси кийимидаги шахс кучук боласини тириклайин куйдираётгани акс этган. Яна ҳам ачинарлиси, ёшлар орасида жониворларни қийнаб, уни Tik Tok’даги саҳифасига қўйиб, шу йўл билан пул ишлайдиган қатлам ҳам пайдо бўлишни бошлаган.

Юқоридаги каби ҳимоясиз ҳайвонларни азоблаган фуқароларга у ёки бу даражада жарима, жазо берилган. Лекин жарималар бундай ҳолатларнинг қайта содир бўлмаслиги учун етарлими?