Жаҳон | 08:13 / 01.08.2022
11249
3 дақиқада ўқилади

Ироқда намойишчилар парламент биносини эгаллаб олди

Шиалар етакчиси Муқтада ас-Садр тарафдорлари бир кун аввал Бағдоддаги парламент биносида ўтирган ҳолда намойиш бошлади. БМТ ва ЕИ кескинлик кучайишидан огоҳлантирди.

Фото: Reuters

31 июль, якшанба куни Ироқнинг нуфузли шиалар имоми Муқтада ас-Садр тарафдорлари коррупция ва самарасиз сиёсий бошқарувга қарши норозилик билдириб, Бағдоддаги Ироқ парламенти биносини кетма-кет иккинчи кун назорат қилишда давом этди. Улар у ерда чодирлар қуриб, муддатсиз норозилик намойишини бошлашди.

«Намойишчилар кейинги огоҳлантиришгача ўтиришади», деди ал-Садр вакиллари журналистларга қисқача баёнот бериб, у INA давлат ахборот агентлиги томонидан келтирган.

Муқтада ас-Садрнинг минглаб тарафдорлари бир ҳафта ичида иккинчи марта Бағдоднинг «яшил зонаси»даги парламент биносига бостириб кирди, полиция уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тўқнашувларда камида 100 нафар намойишчи ва 25 нафар полициячи жароҳат олган. Парламентга бостириб киришига бевосита сабаб - рақиб шиалар блокининг бош вазир лавозимига эронпараст арбоб Муҳаммад Шиях ал-Суданий номзодини кўрсатиш ҳақидаги қарори бўлди. 

БМТ ҳам, Европа иттифоқи ҳам Бағдодда кескинлик кучайишидан огоҳлантирган. Якшанба куни эълон қилинган баёнотда ЕИ расмийси «давом этаётган норозилик намойишлари ва уларнинг потенциал кучайиши» ҳақида хавотир билдирди ва «конструктив сиёсий мулоқот»га чақирди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш самарали миллий ҳукуматни шакллантириш учун «тинч ва инклюзив мулоқот»га чақирди. 

Ас-Садр партияси 2021 йил октябр ойида Ироқ сайловларида ғалаба қозонган эди. Бироқ у ҳукумат туза олмаганидан кейин депутатларини парламентдан чақириб олди. У аксарияти Эрондан ҳарбий ва молиявий ёрдам оладиган ҳамда ўз ҳарбийлашган гуруҳларига эга шиалар партияларига қарши иттифоқ тузмоқчи эди. Натижада ўнлаб ўринлар шиалар партиялари иттифоқига насиб этди. Деярли бир йил давомида вазият боши берк кўчага кириб қолган, Ироқ президент ва бош вазирсиз қолмоқда. 

Ҳокимият учун курашда ас-Садр ҳаракати собиқ ҳукумат раҳбари Нури ал-Маликий атрофидаги сиёсий рақибларининг ҳукумат тузишига тўсқинлик қилмоқчи. 47 ёшли диний етакчининг рақиблари парламент сайловларидан деярли ўн ой ўтиб бош вазирликка ўз номзодларини тақдим этишди. Бироқ, ас-Садр нуқтайи назаридан, бу лавозимга кўрсатилган собиқ вазир Муҳаммад Шиях ас-Суданий ас-Садр билан қарама-қарши бўлган собиқ бош вазир ал-Маликийга жуда яқин. Қолаверса, ал-Маликий ва унинг иттифоқи қўшни Эронга очиқдан-очиқ хайрихоҳлик билдиради. 

Мухолифлари томонидан коррупцияда ҳам айбланаётган ас-Садр катта кучга эга. Унинг тарафдорлари Ироқдаги вазирлик ва давлат муассасаларида нуфузли лавозимларни эгаллайди. Мамлакат катта нефть захираларига эга, лекин электр таъминотидаги узилишлар, таълим ва соғлиқни сақлашнинг паст даражаси, айниқса, ёшлар орасида ишсизликнинг юқори даражасидан азият чекмоқда. 

Мавзуга оид