Жаҳон | 19:51 / 01.08.2022
25673
11 дақиқада ўқилади

Россия Эрондан самолёт деталлари олмоқчи. Қандайларини ва нега айнан у ердан?

Эрон ва Россия авиация соҳасида келишувга эришди. Унга кўра, Эрон Россияга самолёт эҳтиёт қисмларини экспорт қилиши ва ҳатто рус авиакомпанияларига тегишли учоқларни таъмирлаши ҳам мумкин. Қизиғи, Эроннинг ўзи ҳам ўн йиллардан буён санкциялар таъсирида яшаб келади. Эрон инқироз ёқасига келиб қолган Россия авиасаноатига қандай ёрдам бериши мумкин?

Фото: Getty Images

Аввалига рус дипломатлари, кейин эса Россия президенти Владимир Путин бежизга Эронга бориб келгани йўқ. Украинага бостириб киргач, учраган санкциялари сони бўйича Эрондан ўзиб кетган Россия қайсидир маънода ўн йиллардан буён жуда кўп санкциялар билан яшаб келаётган Эрондан «қора рўйхат»да яшаш тажрибаси борасида тавсиялар олган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бир неча кун аввал икки давлат авиация соҳасида ҳамкорлик бўйича келишиб олди. Бу келишув Эрон томонидан Россияга самолёт эҳтиёт қисмлари экспорт қилиш ва Эрон компаниялари томонидан рус самолётларига техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Россия «биринчи планда бўлмаган» бу келишув рус нашрларида кенг ёритилмади. Бу ҳақда биринчи бўлиб Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти хабар берди.

Россия Украинага бостириб киргач, санкциялар мамлакатнинг барча саноат тармоқларига, хусусан, авиация соҳасига ҳам кескин зарба берди. Россия самолётларини бошқа давлатда таъмирлаш, улар учун эҳтиёт қисмлар юбориш тақиқланди.

Россия авиация соҳасида Эрон билан ҳамкорлик қилиши эса ғалати ҳолат бўлди, чунки форсларнинг ўзи 1980-йиллардан буён санкция остида яшаб келади. Ўшандан буён Эронга самолёт эҳтиёт қисмлари юбориш тақиқланган. BBC ўзи санкция остида яшаётган Эрон қандай қилиб Россия авиациясига ёрдам бериши мумкинлиги ва бу қанчалик хавфсиз эканини таҳлил қилди.

Эрон авиасаноати қандай ҳолатда?

1979 йил ислом инқилоби содир бўлгач, Эрон адоғи йўқ санкциялар остида қолиб кетади. 2015 йил вазият бироз енгиллашгандай бўлди. Ўшанда Эрон БМТ Хавфсизлик кенгаши давлатлари (АҚШ, Хитой, Британия, Франция, Россия) билан ядро келишуви имзолади.

Унга кўра, Эрон ядро дастуридан босқичма-босқич воз кечиши, эвазига эса санкциялар енгиллаштирилиши керак эди. Санкциялар юмшатилган қисқа даврда Эрон дунё компанияларига 200 та самолёт буюртма қилди, лекин фақат 10 тасинигина қўлга киритди.

2017 йилга бориб Эрон ҳатто мустақил равишда самолёт учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳаракатини бошлади. 2018 йилда эса ҳаммаси барбод бўлди ­– АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат ядро келишувидан чиқишини маълум қилди-да, санкциялар Эронга «қайта бошлади».

Ҳозирда Эрон фуқаро авиациясидаги асосий самолётлар импорт қилинган Boeing, Airbus ва ATR компаниялари учоқларини ташкил этади. Бу самолётларнинг аксари 20-30 йил ва ундан ҳам аввал ишлаб чиқарилган. Iran Air авиакомпанияси самолётларининг ўртача ёши 19,1 йилни ташкил этади ва бу жуда ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Эроннинг ўзида ҳам самолёт деталлари билан боғлиқ муаммо бор. 2021 йил Эрон авиапаркларидаги самолётларнинг ярми айнан эҳтиёт қисмлари, хусусан, двигателлар етишмовчилиги сабаб тўхтаб қолгани айтилганди.

Эрон самолёт деталларини қаердан олади?

Масаланинг яна жиҳати борки, 40 йилдан ортиқ вақт давомида санкциялар таъсирида яшаб келган Эрон бундай чекловларни қандай енгиб ўтишнинг «пирига айланган».

Икки давлат ўртасидаги келишувда Эрон айнан қандай эҳтиёт қисмлари етказиб бериши айтилмаган, Россия томони эса бу борада расман маълумот бергани ҳам йўқ.

Россиядаги замонавий Эронни ўрганиш маркази директори Ражаб Сафаровнинг айтишича, импорт қилинган самолётлар учун Эрондаги баъзи технопаркларда чиндан эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. Уларни хусусий компаниялар ишлаб чиқармоқда, лекин ҳукумат корхоналари қўллови билан. Яъни уларни асосан давлат молиялаштиради.

Airbus ва Boeing учун эҳтиёт қисмларнинг баъзилари эса «параллел импорт» принципи асосида Эронга олиб келинади, бу борада қандайдир юридик тўсиқ йўқ. Ражабовнинг фикрича, Эрон бу борада импорт ҳажмини 50 ёки 100 фоизга ошириш мумкин. Бу эса «Россия муаммосини ҳал қилиш учун етарли».

Эрон ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллахиён россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан июн ойида учрашганди. Эҳтимол, авиасферада ҳамкорлик қилиш бўйича ўшандаёқ келишувга эришилган.

Бундай сценарий ҳақида бошқа экспертлар ҳам гапиришмоқда. «Аэрофлот» раҳбарининг собиқ ўринбосари Александр Смолконинг айтишича, Эрон томонидан ушбу таъминотда иштирок этиш учун чақирув олган. Унинг фикрича, гап Эроннинг ўзи ишлаб чиқарган деталлар ҳақида эмас, айнан Эронга импорт қилинадиган деталлар ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, руслар Эрон компаниялари билан самолётларни таъмирлаш борасида келишувга эришган. Экспертларнинг фикрича, таъмирлаш масаласида фақат муносабатларни ўрнатишга эришилган.

«Бир муддат аввал Россиядаги кўплаб самолётларга хизмат кўрсатадиган сервислар менга алоқага чиқиб, Эрондаги сервис компаниялари билан муносабат ўрнатишга ёрдам беришни сўраганди. Айнан рус самолётларини таъмирлаш учун навбатга ёзилиш ва рус авиалайнерларини деталлар билан таъминлаш учун», дейди Сафаров.

Аммо ҳамма экспертлар ҳам келишувга оптимистик қараётгани йўқ. Дунё иқтисодиёти бўйича эксперт Алексей Малашенконинг фикрича, бу келишув бўйича саволлар кўп. Эксперт бу борадаги аксар келишувлар норасмий каналлар орқали кетаётгани, кейинчалик эса ҳукуматлар даражасида тасдиқланишига эътибор қаратган.

Эронда самолёт ишлаб чиқариладими?

Ҳозир Эронда йўловчи ташишга мўлжалланган самолётлар ишлаб чиқарилмайди. Бу борадаги энг шов-шувли иш Эронда Iran-140 йўловчи самолётларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлганди. Бу Украинадаги Ан-140 самолётларини Эронда ишлаб чиқариш лойиҳаси эди.

Бундай турдаги самолётларнинг илк парвози 2001 йилда амалга оширилган, лекин бу самолётлардан атиги 10 дона ишлаб чиқарилган. Ушбу лойиҳа йўловчи ташишда инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани сабаб тўхтатилган.

Масалан, 2014 йилги ҳалокатда 38 киши ҳалок бўлган. Ўша вақтда президент бўлган Ҳасан Руҳоний Iran-140 самолётлари парвозини тақиқлаб қўйганди.

2014 йил август: Теҳронда йўловчи самолёт ҳалокати оқибатида 40 нафарга яқин киши қурбон бўлган. Фото: ZUMAPRESS.COM

Ҳалокатга учраган самолёт синов парвози вақтида ҳам йўлакдан чиқиб кетган. Синовдан яхши ўтмаган самолёт парвозга юборилгани эса кескин танқидларга сабаб бўлганди.

2021 йил февралда Эрон Фуқаро авиацияси ташкилотида барча Iran-140 самолётлари ҳарбий юк ташувчи сифатида ишлатилиши, мамлакатда 100 та маҳаллий самолёт ишлаб чиқарилиши айтилади. Жорий йил июн ойида президент Иброҳим Раисий 72 ўринли 8 та йўловчи самолёти ясашга буйруқ берди. Айни дамда бу борада ишлар бошлаб юборилган ва бир неча йилда якунланиши кутилмоқда. Аммо бундай самолётлар тизимли тарзда ишлаб чиқариладими, йўқми ноаниқ.

Россия Эрондан олинган деталларни нима қилади?

Россия Украинага бостириб кириши билан Европа Иттифоқи рус авиасаноатига қарши санкциялар жорий қилди. Хусусан, Россияга учадиган авиакомпанияларга самолёт ижарага бериш, уларни суғурталаш, хизмат кўрсатиш тақиқлаб қўйилди. Санкция қўлланган вақтда Россияда 515 та лизинг компаниясидан олинган самолётлар бўлган ва уларнинг 400 таси қайтиб берилмаган.

Лизингчи компаниялар 80 та самолётни қайтиб ололган. Самолётларнинг бир қисмини авиакомпаниялар сотиб олган. Россия авиапаркларидаги бир қисм самолётлар эса маҳаллий лизинг компанияларига тегишли. Хорижий лизинг компанияларига тегишли самолётлардан Россия ҳудудида фойдаланиш тақиқланганидан кейин уларнинг ҳавога кўтарилишига рухсат берадиган лицензиялари бекор қилинди.

Россия эса бу самолётларни уларнинг эгалари рухсатисиз маҳаллий реестрда рўйхатдан ўтказди. Шу тариқа учоқларнинг мамлакат ичида парвозларни амалга оширишига рухсат берилди.

Бундан ташқари, Россия хориждан сотиб олинган самолётларга мамлакат ичида хизмат кўрсатишга рухсатнома бера бошлади. Апрел-май ойларида Росавиация бешта авиакомпанияга авиатехника таъмирлашга рухсат берувчи сертификатлар тақдим этди. Масалан, S7, Урал фуқаро авиацияси заводи ва бошқа қатор корхоналар шундай рухсатномаларга эга бўлган. Бу лицензия импорт қилинган самолётларга Россия федерал авиация қоидаларига кўра техник хизмат кўрсатиш имконини беради.

Бундай шароитда рус самолётларида учиш хавфсизми?

Бу саволга жавоб бериш қийин. Аслида халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти тан олган ҳужжатлар тўплами тўлиқ экани парвоз хавфсизлигини расман тасдиқлайди. Аммо ҳозир Россия ҳудудида қолаётган хорижий самолётларнинг ҳужжати билан боғлиқ муаммолар Россия ва бошқа давлатлар ўртасидаги можарога сабаб бўляпти.

Самолётлар Россия ичида парвозларни амалга ошириш учун яроқли деб топилса ҳам ҳозир халқаро ташкилотлар уларни парвозга яроқли деб ҳисобламайди.

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Россиянинг самолётларни ички қоидалар билан рўйхатга олаётгани Чикаго конвенциясига зид деб топиб, Россияни муаммони ҳал қилишга чақирди. Аслида самолётларни уларнинг эгаси бўлган компаниягина рўйхатдан ўтказа олади. Россия эса ўз авиакомпанияларига нисбатан лизинг келишуви бузилган деб топиб, уларнинг учоқларини рўйхатдан ўтказишда давом этмоқда.

Парвоз хавфсизлиги давлат самолётлари яроқлилигини текшириб, назорат қилишига ҳам боғлиқ. Жуда кўп босқичдан иборат бу иш самолётларга техник хизмат кўрсатишни ҳам ўз ичига олади.

Россиядагилар ҳисоблашича, икки марта рўйхатдан ўтказиш ва парвозлар хавфсизлиги ўртасида боғлиқлик йўқ.
Фото: ALEXANDER SCHERBAK/TASS

Россияда эса вазият бошқача. Авиация бўйича эксперт Андрей Шнирёв эса самолётларни рўйхатдан ўтказиш ҳар бир мамлакатнинг ички қонунлари доирасида амалга оширилади деб ҳисоблайди. «Самолётларни регистрация қилиш ва парвозлар хавфсизлиги ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ», дейди эксперт.

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти эса бошқача фикрда. Агар Россия 14 сентябргача регистрация билан боғлиқ муаммони ҳал қилмаса, Россия самолётларида учиш хавфсиз эмас, деб эълон қилинади. Оқибатда давлатлар рус самолётларини ўз ҳаво кенгликларига киритмай қўйиши мумкин. Ҳозирча фақат Бутан ва Эритрея давлатларининг самолётларида шундай «тавқи лаънат» мавжуд. Аммо бу рус авиацияси учун кўп нарсани ўзгартирмаслиги ҳам мумкин, чунки 24 февралдан кейин шундоғам кўп давлатлар рус учоқлари учун осмонини ёпиб қўйган.

Россия Транспорт вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Airbus ва Boeing каби компаниялар самолётларини санкция ҳолатида хавфсиз тарзда парвозга қайтариш 5 йилгача чўзилиб кетиши мумкин. Бу ҳақда июнда бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган вақтида Юрий Борисов айтганди.

Санкциялар авиация соҳасига жиддий зарар етказишини бундай шароитда жуда кўп йилларни ўтказаётган Эрон мисолида кўриш мумкин. Охирги 25 йилда Эрон авиацияси ривожланаётгани айтилади, аммо 2014 йилгача бўлган 25 йил ичида Эрон самолётлари билан боғлиқ 200 та ҳалокат содир бўлган ва 2 мингдан ортиқ одам қурбон бўлган.

Мавзуга оид