– Алишер ака, аввало, ҳозирги фаолиятингиздан савол берсам. 2022 йилги жаҳон чемпионати тарихдаги энг яхши турнир бўлиши мумкинми?

– Албатта. Бунга кўп сабаблар бор. Фақат илк жаҳон чемпионати бир шаҳарда бўлган — 1930 йили Уругвай пойтахти Монтевидеода. Ундан кейингилари камида икки шаҳарда ўтказилган.

Бу сафар ҳам бир ҳудудда дейишимиз мумкин. Географик жиҳатдан 5та шаҳар кўрсатилган аммо энг шимолий ва жанубий шаҳарлар ўртасидаги масофа — 55 км, яъни 1 соатли йўл. Жамоалар узоқ йўл юришмайди. Масалан, Россиядаги мундиалда Англия миллий жамоаси Калинградда туриб, ўйинларга бошқа шаҳарларга қатнаганди. 1 кун олдин йўлга чиқишига тўғри келган. Қатарда жамоалар стадион яқинидаги меҳмонхонада туришади. Фақат икки жамоа шаҳардан четроқда, аммо улар ҳам стадионга автобусда 1 соат ичида етиб келишади.

Бу мундиал мавсум ўртасида бўлади. Футболчилар жисмоний жиҳатдан энг яхши формада етиб келишади.

Мухлислар стадионлар орасидаги масофа яқинлиги учун бир кунда 2та ўйинга боришлари мумкин. Аслида 4та баҳсга улгурса ҳам бўлади, аммо ФИФА бир мухлисга бир кун учун иккитадан ортиқ чипта сотмайди.

Технологиялар борасида ҳам янгиликлар бор. Кийиниш хонасида мониторлар бўлади, ҳатто ФИФА ҳар бир жамоага иккитадан планшет беряпти — мураббийлар ўйин пайтидаёқ такрорий лавҳаларни турли ракурслардан кўришлари, футболчиларнинг қанча масофа югургани ва бошқа жисмоний имкониятлари ҳақида маълумот олишлари мумкин.

Шу ўринда Ўзбекистон билан солиштирсак. Менга айтишдики, Суперлигада «Сурхон» мураббийи ўйин вақтида планшет ишлатгани учун уни четлатишибди. ФИФА ХХI асрда яшаяпти, биз эса ҳамон ХХ асрда қолиб кетганмиз.

– Қатарда стадионлар қурилишида бангладешлик, ҳиндистонлик қурувчилар нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундай айбловларга қандай қарайсиз?

– Стадионда ишчилар ўлаётганини кўрганим йўқ. Бу ҳақда расмий манбалар ҳам ёзишмади. Ҳеч кимда аниқ маълумот бўлмаса керак. Рақамларга эътиборли бўлишни айтардим.

Яна бир нарсани тушуниш керакки, Қатарда 2,8 млн аҳоли бўлса, шуларнинг 80 фоизга яқини — чет элликлар. Шу сабаб ўлим сони хорижликлар орасида кўп бўлиши табиий ҳол.