Жаҳон | 08:26 / 04.08.2022
14881
3 дақиқада ўқилади

АЭХА: Запорожье АЭС «назоратдан бутунлай чиқиб кетди»

АЭХА бош директори Россия ва Украинани ядровий аварияга йўл қўймаслик учун агентлик миссиясини Запорожье АЭСга киришига рухсат беришга чақирди.

Фото: Reuters

Россия томонидан босиб олинган ҳудудда жойлашган Европадаги энг йирик Запорожье атом электр станцияси (АЭС) «бутунлай назоратдан чиқиб кетди», у ерда вазият «жуда таранг», деди AP агентлигига Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) бош директори Рафаэль Гросси 3 август, чоршанба куни. 

«Станцияда ядро хавфсизлигининг барча тамойиллари бузилган. Ҳозирги вазият жуда жиддий ва хавфли», - дея таъкидлади Гросси. Унга кўра, станциянинг жисмоний дахлсизлиги бузилган, уруш бошида АЭС рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинганда ўққа тутилган. 

Гроссининг сўзларига кўра, Россия томонидан назорат қилинадиган станцияда «парадоксал вазият» юзага келган, сабаби украиналик ходимлар унинг ишини бошқаришда давом этмоқда, бу эса муқаррар кескинликка олиб келади. АЭХА ходимлар билан баъзи алоқаларга эга бўлса-да, улар «мукаммал» ва «бир хил эмас», деди Гросси. 

Шунингдек, АЭХА раҳбарининг таъкидлашича, агентлик АЭС ўзи учун зарур бўлган ҳамма нарсани олаётганига ишончи йўқ, чунки ускуна ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш занжири узилган. 
 
«Ядровий авариянинг олдини олиш учун» АЭХА ядровий материаллар ҳимояланганини таъминлаш мақсадида АЭСни текшириши керак, деди Гросси. «Шунинг учун мен биринчи кунданоқ, Чернобилда бўлгани каби, хавфсизликни баҳолаш, таъмирлаш ва ёрдам кўрсатиш учун у ерга боришимиз лозимлигини таъкидладим», дея Россия ва Украинани ҳамкорликка чақирди у. 

«Мен халқаро давлат хизматчиси сифатида, халқаро ташкилот раҳбари сифатида иккала томондан ҳам ушбу миссияни амалга оширишга рухсат беришларини илтимос қиламан», деди Гросси. 

Аввалроқ DW нашрига берган интервьюсида АЭХА директори ҳозирги шароитда бундай сафарни ташкил этишни «қийин вазифа» деб атаган эди. Сабаби, станция ўққа тутилиши давом этаётган уруш зонасида жойлашган ва миссия нафақат БМТ томонидан, балки Украина томонидан ҳам назорат қилиниши керак, чунки АЭХА бу мамлакатни «АЭСнинг ягона қонуний эгаси» деб билади.

Мавзуга оид