Мусаевга кўра, бу ерда “катта рақам ортидан қувишдек кайфият” бор.

“Акмалхон Эшондадаевич айтганидек, тизимда жуда кўплаб камчиликларга эътибор берилган. Лекин жуда катта бир рақамлар қўйилиб кетмоқда. Нима учун 34-варақдаги ҳисоботда соғлиқни сақлаш тизимида 50 миллиард молиявий хато-камчиликлар дейиляпти? 45-варағида 56 миллиард?

Шундай бир кайфият борки, бу катта рақамни ортидан қувишдек. Бир нарсага келишиб олишимиз керак-да. Молиявий назорат органидан олинган маълумотлар асосида тайёрланган ҳисобот… Молиявий назорат органи аниқлади, бу коррупциявий ҳолат бўлдими ёки йўқми? Буни ҳали суд исботладими ёки йўқми?

395 та даволаш профилактика муассасаларида… Бизнинг тиббиёт тизимида 500 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Ҳозир тиббиёт соҳаси энг коррупцион соҳа деган хулоса қилиняпти. Қани, шу 395 та ташкилот. Биз кўрганимиздан бери шу маълумотларнинг тагига етгимиз келяпти. Қайси ташкилотнинг ўзида молиявий камчилик аниқланибди? Шундай коррупцион ҳолат бўлган бўлса, нега бирорта каттароқ тиббиёт тизимининг раҳбари ёки бошқасига нисбатан суд томонидан қатъий чора кўрилмаган? Демак, бу камчиликлар ҳали кимнингдир актига тушган қоғоз. Судда ўз исботи ва далилини топмаган факторлар бўлади.

Фото: Kun.uz

Бундан ташқари, шу 50 миллиарддан 35 миллиарди “мониторинг натижасида мақсадсиз харажатлар ўз вақтида аниқланди ва иқтисод қилинишига эришилди”, дейиляпти. Бу ҳали коррупцион ҳолат эмас, шуни аниқ айтишимиз керак. Чунки ҳисобот, смета ва штат маълумотлари ўрганилади, текширилади. Буни бартараф қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш, молия ва ғазначилик органлари биргаликда текширишни амалга оширади.

Шунинг учун, битта таклифим бор. Авваламбор, бундай ҳисоботларни юқори даражага чиқишидан олдин вазирлик билан бирма-бир кўриб чиқсак. Ана ундан кейин якуний тўхтамга келган рақамни олиб чиқсак, менимча тўғрироқ бўларди.

Вазир сифатида гапираётганим йўқ, бунинг орқасидан бутун умр шу соҳада ишлаб келган фидойи ходимлар бор. Ҳозир бутун ижтимоий тармоқларда бир-икки кундан бери энг коррупцион соҳа бу тиббиёт соҳаси деган, фикрлар бор…

Шунинг учун ҳам менинг илтимосим бўлади… Биз ҳеч қачон ўзимизни айблашга ёки оқлашга ҳаракат қилмаймиз, бундай ниятимиз ҳам йўқ. Лекин ҳар битта ҳолат бўйича олдин келишиб, кўриб олсак-да, кимнингдир берган маълумотига таяниб, хулоса чиқармасдан. Ана ундан кейин чиқарсак [ҳисоботни]...”