Жаҳон | 08:11 / 05.08.2022
11035
3 дақиқада ўқилади

АҚШ маймун чечаги туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди

Соғлиқни сақлаш соҳасида ФҲ эълон қилиш АҚШда касаллик билан курашиш учун қўшимча маблағ ва мутахассисларни жалб қилишга ёрдам беради. ЖССТ аввалроқ маймун чечагини халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар маймун чечаги касаллиги туфайли соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда 4 август, пайшанба куни АҚШ соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазири Хавьер Бесерра маълум қилди.

«Биз вирусга қарши реакция билдиришни янги босқичга кўтаришга тайёрмиз ва ҳар бир америкаликни маймун чечаги касаллигига жиддий ёндашишга чақирамиз», деди у телефон брифинги давомида. 

Соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилиниши мамлакат расмийларига касаллик билан курашиш учун қўшимча маблағ ва мутахассисларни жалб қилиш имконини беради. Аввалроқ маймун чечаги туфайли ФҲ режими Нью-Йорк, Калифорния ва Иллинойс штатларида жорий қилинган эди. 

АҚШ маймун чечаги касаллиги энг кўп қайд этилган мамлакат ҳисобланади. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш федерал марказлари (CDC) маълумотига кўра, мамлакатда 7 000 га яқин ҳолат қайд этилган. 

Июль ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги тарқалишини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ўша вақтга келиб 75 мамлакатда 16 000 дан ортиқ ҳолатлар ҳақида маълум эди. Касалланиш ҳолатининг аксарияти Европа ва Америкада аниқланган. 

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу касаллик анъанавий маънода жинсий йўл билан юқадиган инфекция эмас, у ҳар қандай яқин жисмоний алоқа орқали юқиши мумкин. «Бироқ, бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳозирги кунга қадар юқтириш ҳолатларининг аксарияти, биринчи навбатда, эркаклар орасида кўп кузатилмоқда», деди тадқиқот раҳбари Жон Торнҳилл. 

Касаллик тарқалишига қарши курашиш учун ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус касаллик тасдиқланган гуруҳлар билан боғланишни, эпидемиологик назорат ва соғлиқни сақлаш чораларини кучайтиришни, касалхоналарда инфекциянинг олдини олиш ишини кенгайтиришни, вакциналар, терапевтик воситалардан фойдаланиш бўйича тадқиқотларни жадаллаштиришни тавсия қилди. 

Мавзуга оид