Жаҳон | 21:54 / 06.08.2022
17413
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Путинга Зеленский билан Туркияда учрашишни таклиф қилди

Туркия президенти ғалла экспорти бўйича келишув тузилишини Москва ва Анқара мулоқотининг ижобий натижаси намунаси деб атади.

Фото: Turkish Presidential Press Service, via Getty Images

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Владимир Путинга Украина президенти Володимир Зеленский билан Туркияда учрашишни таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда TRT Haber телеканали хабар берди.

«Мен жаноб Путинга биз унинг жаноб Зеленский билан учрашувини ташкил этишимиз мумкинлигини яна бир бор эслатдим. Биз минтақавий ва глобал тинчликка ҳисса қўшиш учун Россия, Қора денгиздаги қўшнимиз билан барча соҳалардаги мулоқотимизни давом эттирамиз», — деди Эрдўған. 

Туркия президенти ғалла экспорти бўйича келишув тузилишини Москва ва Анқара мулоқотининг ижобий натижаси намунаси деб атади.

«Ҳозирда режа керакли тарзда амалга оширилиши ва ижобий муҳит Истанбулдаги музокараларга қайтиш бўйича аниқ қадамларга айланиши муҳим ҳисобланади. Мен бошиданоқ Украинадаги низода ғолиблар бўлмаслигини таъкидлаганман. Айрим қийинчиликларга қарамасдан, инқироз музокаралар столида ҳал бўлишига қатъий ишонаман», — деб таъкидлади у. 

5 август куни Сочида Путин ва Эрдўған учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув натижаларига кўра, икки давлат раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилди. Улар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт, савдо, иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, молия, туризм ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Хусусан, Россия ва Туркия Анқара Россия гази учун тўловни рублда амалга оширишни бошлашига келишишди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид