Жамият | 19:00 / 08.08.2022
13470
5 дақиқада ўқилади

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” АЖ: Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш – устувор вазифа

Йилнинг ёғинсиз фасли кунларидан унумли фойдаланиб, электр тармоқларидаги камчиликларнинг тез фурсатларда бартараф етилиши – жорий қиш мавсумини беталафот ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу борада тизим объектларини куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш доимо энг масъулиятли вазифалардан бири бўлиб келган.

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда Андижон вилоятида 641 мингдан зиёд аҳоли ва 18 196 та улгуржи истеъмолчилар электр энергияси билан таъминланмоқда. Уларга “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфида бўлган 136 дона подстанциядаги 195 дона катта куч трансформаторлари ҳамда 8 мингдан ортиқ паст кучланишли трансформатор пунктлари орқали 19 минг 182 км электр узатиш тармоқлари ёрдамида электр энергияси етказиб берилмоқда.

– Истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминотини янада яхшилаш ҳамда сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида  1871,5 км 110-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 754 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган, - дейди “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” АЖ директори Хуршидбек Юлдашев. - Шу кунга қадар   1366.3 км электр узатиш тармоқларини тортиш ишлари бажарилди, 3 дона юқори ва 559 дона паст кучланишли трансформатор пункти, 26 та 110-35 кВли ўчиргич, 52 дона ОД ва КЗ қурилмаси мукаммал таъмирланди. Қўрғонтепа туманидаги  110/10 кВ кучланишли “Қаҳрамон” подстанциясидаги Т-1 10 000, Т-2 10 000 кВА куч трансформаторлари, Асака туманидаги 110/35/6 кВ “Асака” подстанциясидаги Т-2 15 000 кВА ҳамда Андижон туманидаги 35/10 кВли “Гулистон” подстанциясидаги Т-2 4000 кВА трансформаторлари мукаммал таъмирдан чиқарилиб, мазкур ҳудуддаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг электр таъминотидаги муаммоларига барҳам берилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида жорий йилда вилоят бўйича 3777,7 км 110-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 1436 дона трансформатор пунктларини жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб,  Жамият ходимлари томонидан йил бошидан мавсумга тайёргарлик доирасида 3033.6 км электр тармоқлари тортилиб, 1153 та трансформатор пункти, 110-35 кВли 78 та подстанция ва ундаги 134 та куч трансформатори, 145 дона 110-35 кВли ўчиргич жорий таъмирдан чиқарилди.

36 мингдан ортиқ истеъмолчисига эга бўлган Марҳамат туманида ҳам мавсумга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Тумандаги 258,2 км узунликдаги  6/10-0,4 кВ электр узатиш ҳаво тармоқлари ҳамда 122 дона трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 205,3 км узунликдаги тармоқлар ҳамда 98 дона трансформатор пунктида бу борадаги ишлар амалга оширилди. “Бирлик”, “Увайсий”, “Чилон”, “Наврўз” ва “Хўжариқ” МФЙлар ўрамидаги истеъмолчиларнинг электр таъминотини янада яхшилаш учун янги 2 дона 100 кВА КТПм русумидаги трансформатор пункти ўрнатилди- дейди Марҳамат туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Жасурбек Абдуғаниев.

Юқоридаги ишлар билан бирга, паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш Дастурига асосан жорий йилда вилоят бўйича 442,8 км электр узатиш тармоқлари ва 162 дона трансформатор пункти ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар янги 8256 дона темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, 184,3 км узунлик электр узатиш тармоқлари тортилди. 

Бундан ташқари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида 2202 дона темир-бетон таянчлар ўрнатилди ва 51.45 километр электр узатиш тармоғи тортилди, шунингдек 8 дона трансформатор пункти янгидан қурилди ва модернизация қилинди.

Қиш мавсумида истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қошида “Марказий таъмирлаш устахонаси” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда носоз трансформатор пунктларини таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, мавсум учун 32 та аварияларни бартараф этиш бригадалари ҳамда 41 та махсус автотранспорт воситалари шай ҳолатга келтирилди. Электр энергиясидан ва ёнғиндан сақланиш учун ҳимоя воситалари билан жиҳозланди.

Юқоридаги амалга оширилаётган ишлар натижасида мавжуд электр узатиш ҳаво тармоқларини ҳамда трансформатор пунктларининг меъёрий ишлашини таъминлаш, электр куч қурилмалари носозликдан ўчишининг олдини олиш ва шу орқали сифатли электр энергия билан таъминлашга эришилади. Вилоятда электр энергияси таъминоти бўйича олиб борилаётган янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари натижасида 305 та маҳалладаги 295 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ва 2400 та ижтимоий соҳа объектлари истеъмолчиларига етказиб берилаётган электр энергияси сифати янада яхшиланади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда соҳа ходимлари учун мавсумга тайёргарлик борасида олиб борилган тизимли ишлар аҳолини сифатли электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш устувор вазифага айланган.

“Андижон ҲЭТК”АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид