
Мулоқотга Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одил Тожиев, Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев, Сергели туман ҳокими Элбек Шукуров, конституциявий комиссия эксперти, юридик фанлари доктори Хайрулло Рўзметов, Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайниддинов ва бошқалар таклиф этилди.
Мулоқотда бошловчилик қилган Ҳикматилла Убайдуллаев аудиочатдан кўзланган мақсад ҳақида гапирар экан, қайсидир ҳоким фаолияти эмас, балки ҳокимият бўлиниши принципи, яъни, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш бўйича ислоҳотлар моҳияти ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш, муҳокамалар асносида янги фикр ва таклифлар туғилишига замин яратиш муҳим эканини қайд этди.
“Амалдаги тизим ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг ўз вазифаларини бажаришига ёмон таъсир қиляпти — маҳаллий депутатлар ҳудудлардаги ислоҳотларга деярли аралаша олмаяпти. Янги тизим ҳокимлар устидан халқ назоратини кучайтиради.
Маҳаллий кенгаш раиси мустақил бўлиши учун, ҳокимни тийиб туриши учун биринчи навбатда, молиявий мустақил бўлиши керак. Шу боис Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар фонида шу каби масалаларга ҳам аниқлик киритилиши мақсадга мувофиқ”, — деди модератор.
Одил Тожиев:
Амалдаги Конституцияда ҳокимларга маҳаллий кенгаш раислигининг юкланиши — кафолатланган депутатлик ўрнини келтириб чиқаряпти. Тан олиб айтиш керак, бир пайтлар бу нарса керак бўлган, аммо ҳозирги кунда у ўз долзарблигини йўқотди. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу бўйича кўплаб эътирозлар билдирилди, яъни, ҳоким қандай қилиб ўзи ҳисобот берувчи органга раҳбарлик қилиши, содда қилиб айтганда, у ўзига ўзи ҳисобот бериши мумкин? Конституциядаги шунга ўхшаш мантиққа зид ҳолатларга барҳам берилмоқда.
Дониёр Ғаниев:
Дунё тажрибасида ҳокимиятлар бўлиниши — халқ манфаатларига хизмат қиладиган асосий восита сифатида ўз исботини топган. Ҳаттоки, энг авторитар давлатларда ҳам, масалан, Хитойда ҳам коммунистик режим бўлишига қарамай, ҳокимият бўлиниши принципи сақлаб қолинган.
Охирги йиллардаги давлат ва жамият бошқарувидаги ўзгаришлар натижасида сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати шаклланди. Одамларимиз бу борадаги ислоҳотларни талаб қила бошлашди. Айнан ижро ҳокимияти ва вакиллик органларининг ажратилиши жамоатчиликнинг асосий талабларидан бири бўлди.
Конституция қабул қилингач, бир қарор қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишга тўғри келади. Аслида амалдаги қонунчиликка кўра, ижро ҳокимияти органларига депутатликка сайланиши мумкин эмас. Фақатгина ҳокимларга истисно тариқасига рухсат этилган. Сайлов кодексига ўзгартириш киритиш чоғида ҳокимларнинг депутатликка сайланиш ҳуқуқини олиб ташлаб, кенгаш олдидаги ҳисобдорлиги белгиланиши керак. Мантиқан олиб қараганда, кенгашларнинг вазифаси битта — ижро ҳокимиятини назорат қилиш.













