Кўпайиб бораётган иқлим муҳожирлари — улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор
Глобал иқлим ўзгаришлари одамларни ўзи яшаётган ерини ташлаб кетишга мажбур қиляпти. Мутахассислар 2050 йилга бориб Ер юзида 216 миллион иқлим муҳожири пайдо бўлишини тахмин қилмоқда.
Муҳожир атамаси ўз ватанидан маълум сабабларга кўра, бошқа ҳудудга кўчиб кетган кишиларга нисбатан ишлатилади. Шу кўчиб кетиш сабаби ишлаш, меҳнат қилиш бўлганларга меҳнат муҳожири дейилса, бугун яна бир атама – “иқлим муҳожири” фаол қўлланилмоқда.
Иқлим муҳожирлари кимлар?
Маълум бир ҳудуд табиати асл ҳолатидан ўзгариб кетиб, ортиқ одам яшаши қийин бўлган ҳудудга айланса, маҳаллий аҳоли у ерни тарк эта бошлайди. Бундай жойда яшаш, тирикчилик қилиш, ҳаёт кечириш оғирлашган ёки умуман иложсиз бўлиб қолади. Қурғоқчилик, денгиз сатҳининг кўтарилиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг яроқсиз ҳолга келиши, тошқинлар одамларни тирикчилик қилиш осонроқ ҳудудларга кўчиб кетишга мажбур қилади ва бундайларга иқлим муҳожирлари дейилади.
Бу атама инсоният учун янгилик эмас. Асрлар давомида турли табиат ўзгаришлари, музлик даврлари ёки вулқонлар сабаб ҳам одамлар ўзларига қулай жойларга кўчиб юришган.
Энг кўп кўчишлар юз бераётган ҳудудлар
Ички кўчиш миграция маркази (Internal Displacement Migration Centre)нинг 2022 йилги ҳисоботига кўра, 2021 йил халқаро миқёсда 38 миллион ички кўчиш қайд этилган. Бунинг 23,7 миллионига турли табиий офатлар сабаб бўлган. Бу кўчишларнинг 94 фоиздан ортиғи бўронлар, сув тошқинлари ва қурғоқчилик каби об-ҳаво билан боғлиқ хавф-хатарлар натижаси бўлиб, улар асосан Шарқий Осиё, Тинч океани ва Жанубий Осиёда қайд этилган.
2021 йилда табиий офатлар туфайли энг кўп ички кўчишлар Хитой – 6 миллион киши, Филиппин – 5,7 миллион киши, Ҳиндистон – 4,9 миллион киши, Конго – 888 минг киши ва Вьетнам – 780 минг кишига тўғри келган.
Яқин 30 йилликдаги эҳтимоллар
Қурғоқчилик ва денгиз сатҳининг кўтарилиши одамлар ҳаётига аста-секинлик билан таъсир қилади. Жаҳон банкининг Groundswell ҳисоботига кўра, агар 2050 йилгача иссиқхона газларини камайтириш бўйича жиддий чора кўрилмаса, иқлим ўзгариши дунёнинг олти минтақаси – Саҳройи кабир, Жанубий Осиё, Лотин Америкаси, Шарқий Осиё ва Тинч океани, Шимолий Африка, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 216 миллион одамнинг кўчишига сабаб бўлади.
Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панел (The Intergovernmental Panel on Climate Change) 1990 ва 2100 йиллар оралиғида денгиз сатҳи жами 0,18дан 0,6 метрга кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ва бу билан боғлиқ муаммолар аллақачон бошланган.
Масалан, Бангладеш аҳолисининг қарийб ярми денгиз сатҳидан 5 метр пастроқда яшайди. 1995 йилда Бангладешдаги Бҳола оролининг ярми денгиз сатҳининг кўтарилиши натижасида сув остида қолиб, 500 минг киши бошпанасидан ажралган. Тахминларга кўра, мамлакат 2050 йилга бориб сув тошқинлари сабаб ерларининг 17 фоизини йўқотади. Бу Бангладешда 20 миллионга яқин иқлимий қочқинлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, Ҳинд океанида жойлашган Малдив, Маршал ороллари ва Италияда жойлашган Венеция шаҳри ҳам сув остига ғарқ бўлаётган ҳудудлар орасида олдинги ўринларда туради.
Сув сатҳи кўтарилиши билан қуруқ ерларнинг тобора чўллашиб бориши ҳам давом этяпти. Масалан, Хитойдаги Гоби чўли ҳар йили 3600 квадрат километрга кенгаймоқда. Натижада деҳқончилик ҳудуди чўлга айланаётган аҳоли яшаш учун Хитойнинг бошқа шаҳарларига кўчиб кетишмоқда.
Марокаш, Тунис ва Ливия эса ҳар йили чўлланмиш сабаб 1000 квадрат километрдан кўпроқ унумдор ерларини йўқотмоқда. Аҳоли эса Африканинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Мағриб ёки Европадан бошпана излашга мажбур бўлмоқда.
Орол сабаб бўлаётган иқлим муҳожирлари
Марказий Осиёда аҳолининг асосий қисми қишлоқларда яшайди. Минтақанинг айрим давлатларида ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизигача қисми, иш ўринларининг 20-50 фоизигача қисми қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Бу Марказий Осиёнинг ўз ерларидан кўпроқ хавотирланиши кераклигига ишора. Минтақада кузатилаётган қурғоқчилик ва бошқа экстремал об-ҳаво шароити сув ресурсларининг чекланишига ва ернинг деградациясига олиб келмоқда. Бу эса кўчишларни тезлаштиради.
Хусусан, Ўзбекистон Орол денгизининг қуриши Қорақалпоғистон аҳолисининг яшаш шароитларига жиддий таъсир қилмоқда. Оролнинг жанубида жойлашган Мўйноқ тумани эса денгизнинг қуришидан энг кўп азият чекадиган ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Ҳукумат туман аҳолиси яшаш шароитларини яхшилаш учун чоралар кўрмоқда. Масалан, 2021 йилда туман аҳолисига 5 миллион сўмдан тарқатилган бир марталик ёрдам пули, “Мўйноққа мадад” хайрия эковеломарафони ва бошқа қатор иқтисодий чоралар маълум маънода уларни рағбатлантирган. Лекин ҳудуд экологиясини яхшилаш имконсизлигича қолмоқда. Бу ўз-ўзидан аҳолининг ўз ерларини ташлаб кетишига, иқлим муҳожирларининг пайдо бўлишига сабаб бўлаверади.
Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
00:11 / 12.11.2024
Нидерландия 9 декабрдан чегара назоратини жорий этади
22:00 / 08.11.2024