1943 йилнинг охири, 1944 йилнинг бошларида уруш совет иттифоқи чегарасидан чиқиб Шарқий Европага кўчади. СССР халоскор сифатида Польша, Венгрия, Чехословакия, Германиянинг шарқий қисми, Руминия, Болгария, Югославия ҳамда Албанияни фашистлар зулмидан озод қилар экан, уларнинг аҳолиси совет армиясини катта тантаналар билан кутиб олади. Ўша пайтда улар келажакда ўзларини нималар кутаётганини, коммунистлар бошларига қандай кулфатлар солишини билишмасди.

Уруш тугаши билан совет иттифоқи томонидан фашистлардан озод қилинган давлатларда зудлик билан коммунистик партиялар тузилиб, ҳокимият эгалланади. Шундан сўнг уларнинг аксариятида уруш пайтида Ғарбда қочқинликда юрган ҳукуматларнинг қайтиб келишига йўл қўйилмайди.

Масалан, Полша ҳукумати билан шундай бўлган. Урушдан сўнг Буюк Британияда қочқинликда бўлган ҳукумат ватанга қайта олмайди. Москва қўллови билан тузилган коммунистик ҳукумат раҳнамолари Полшани эгаллаб олиб, қонуний ҳукуматнинг ортга қайтишига йўл қўйишмайди.

Урушдан сўнг бир муддат коммунистик тузум қўл остида яшаган Шарқий Европа халқлари «қордан қутулиб дўлга тутилганларига» амин бўлишади. Гарчи Москва томонидан қўйилган қўғирчоқ ҳукуматлар ва раҳбарлар анча томир ёзиб улгурган бўлса ҳам, одамлар тобора коммунистик режимни ёмон кўра бошлашади.

Ана шундай вазиятда «илк қўнғироқ Венгрияда чалинади». Коммунистик режимда яшашни хоҳламаган венгрлар 1956 йилда қўзғолон кўтаради. Қўзғолон Москва томонидан аёвсиз бостирилади. Ўшанда Москва «нонкўр» венгрлардан аёвсиз қасос олади ва кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлади.

Фото: myhungary.net

Ўша йили Полшанинг Познан шаҳрида ишчиларнинг коммунистик тузумга қарши намойишлари бўлиб ўтади ва бу ҳам шавқатсизларча бостирилади.

Орадан 12 йил ўтиб, 1968 йилда Чехословакия компартияси раҳбарлари томонидан социалистик тузумга қарши ислоҳотлар ўтказилишини эълон қилинади. Одамлар буни қўллаб-қувватлаб чиқишади. Охир-оқибат бу ерда ҳам намойишлар совет армияси бошлиқ иттифоқчилар томонидан бостирилади. Кўплаб одамлар ҳалок бўлади.

Чехословакиянинг бош кўтариши

1968 йил 5 январ куни Чехословакияда раҳбар алмашади. Мамлакат коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб словак миллатига мансуб Александр Дубчек тайинланади.