Ўзбекистон | 11:50 / 15.08.2022
8766
2 дақиқада ўқилади

Тожикистондаги иккинчи энг йирик банк Тошкентда ўз ваколатхонасини очди

Ўзбекистон Марказий банки «Ориёнбанк» ваколатхонасини аккредитациядан ўтказди, деб хабар қилди Ўзбекистон молия регулятори матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, «Ориёнбанк»нинг 3 августда тақдим этилган аккредитацияси 2025 йилнинг 2 августигача амал қилади. 

Бунгача Ўзбекистонда еттита хорижий банкнинг ваколатхоналари фаолият юритган: J.P. Morgan Chase Bank (АҚШ), «Газпромбанк» (РФ), Commerzbank AG (Германия), Landensbank Baden-Wurttemberg (Германия), шунингдек, Kyongnam Bank, Shinhan Bank ва Korea Eximbank (барча Корея Республикаси). 

Чет эл банкининг ваколатхонаси фақат бош банкнинг манфаатларини ифодалаш учун ташкил этилади, унинг вазифалари шериклар топиш, реклама тадбирлари ва маркетинг тадқиқотларини ўтказишдан иборат. Банкнинг ваколатхонаси филиалдан фарқли равишда банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас. 

«Алиф Банк» эгалик қилувчи «Алиф Тек» ва «Алиф Молиа» компаниялари Ўзбекистонда қарийб уч йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. 

2019 йил ёзида «Алиф Тек» Ўзбекистон Марказий банкининг тўлов ташкилоти лицензиясини олди, у трансчегаравий ўтказмалар, муассасаларда тўловлар, мобил алоқа балансини тўлдириш бўйича операциялар, коммунал хизматлар учун тўлов ва бошқаларни амалга оширади.

«Ориёнбанк» тизимли банклар рўйхатига киритилган, унинг Тожикистон молиявий воситачилик бозоридаги улуши 20,06 фоизни ташкил этади (умумлаштирувчи кўрсаткич). Бу кўрсаткич бўйича «Ориёнбанк» «Амонатбанк» давлат тижорат банкидан (24,64 фоиз) кейин иккинчи ўринда туради. Тожикистонда ушбу банкнинг 32 та филиали ва 237 та хизмат кўрсатиш марказлари мавжуд. 

Тожикистоннинг «Ориёнбанк» акциядорлик тижорат саноат-қурилиш банки 1991 йил апрель ойида «Тожиксаноатқурилишбанк» негизида ташкил этилган. 2002 йил апрель ойида унинг номи «Ориёнбанк» деб ўзгартирилди. Ушбу банк бошқаруви раиси Ҳасан Асадуллозода ҳисобланади.

Мавзуга оид