Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиадада олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон жамоасига Иван Соколов мураббийлик қилди. Унинг ўзи ҳам олдин топ-шахматчи бўлган.

Chess.com сайтига берган интервьюсида келиб чиқиши босниялик бўлган гроссмейстер ўзбек вундеркиндлари билан ишлаш қандай эканини айтиб берди.

54 ёшли Соколов 1990-йилларда ва 2000-йилларнинг бошида энг юқори савияда ўйнаган. 20 йил давомида у доимий равишда энг яхши 30 шахматчи қаторида бўлган ва уч марта дунё рейтингида 12-ўринни эгаллаган. Юқори ўнталикка кира олмаган гроссмейстерлар орасида у энг муваффақиятлиси эди, дейилса муболаға бўлмайди.

Бир неча катта турнирлардаги (масалан, Ҳогевен, Селфосс, Сараево) ғалабадан ташқари у фаолиятида классик партиялар бўйича жаҳон чемпионлари Гарри Каспаров, Владимир Крамник, Вишванатан Ананд, Веселин Топалов ҳамда ёш Магнус Карлсенни мағлуб этган.

Иван Соколов 2017 йил Европа жамоаси сафида ўйнамоқда. Фото: Maria Emelianova/Chess.com

Иван Боснияда (ўша пайтдаги Югославия, ҳозирги Босния ва Герцеговина) туғилиб ўсган ва 1990-йиллардаги уруш пайтида мамлакатни тарк этган, қочқинликка юз тутган миллионлаб одамлардан бири эди. 1992 йилда у шахматни ўзгача қадрловчи Нидерландияга кўчиб боради. Бу мамлакатда йилига беш-олтита катта турнирлар ўтказиларди. Янги ватани унга хориждаги турнирларда иштирок этишни ҳам осонлаштирди.

Соколов турмушидан ажрашган, ҳозирда 20 ёшлар атрофидаги икки фарзанди билан Амстердамда яшайди. 2008 йилдан буён шахмат бўйича мураббийлик қилади. Аввалига у собиқ Югославиянинг энг яхши истеъдодлари (хорватиялик Иван Шарич ва Марин Босиочич, босниялик Борки Предоевич), кейинроқ ҳиндистонлик Баскаран Адҳибан ва БАА вакили Салим Солиҳ билан ишлаган.

Шахмат карьерасидан воз кечиб, мураббий сифатида ишлаш ҳақидаги қарорни 2013 йилда қабул қилган ва бу билан боғлиқ кулгили воқеа бор:

«2013 йилда мен ҳали ҳам яхши рейтингга эга эдим (2663 балл). Аммо бу кўтарилишлар ва пасайишлар йили бўлди. Тахминан июн ойида БАА шахмат федерациясидан таклиф олдим. Улар Салим Солиҳга мураббийлик қилишимни сўрашди. Аммо Дубайга доимий иш учун кўчиб ўтишни хоҳлаётганимга ишончим комил эмасди.

Сўнгра 600 га яқин шахматчи иштирок этган Vienna Open турнирида ўйнадим. Туркиялик ёш шахматчига ютқазиб қўйдим ва 100 евро мукофот пули олдим. Сўнгра аэропортга бордим, Амстердамга парвоз қилишим лозим эди. Аммо улар менга: «Самолёт тўлган. Кейинги парвозни икки соат кутасизми? Биз сизга 250 евро тўлаймиз», дейишди. Рози бўлдим ва ўйланиб қолдим. Мен катта турнирда 10 кун ўйнаб, 100 евро ишлаб олдим. Бу ерда эса икки соат кутишим учун 250 евро беришяпти. Бу ерда нимадир нотўғри. Вазиятни таҳлил қилганимдан сўнг, Дубайга қўнғироқ қилдим ва таклиф ҳали ҳам амалдами деб сўрадим».