Киев Қрим кўпригини бузиб ташлашни талаб қилди
Россия Украинанинг рухсатисиз аннексия қилинган Қримга Керч бўғози орқали кўприк қурди, шу боис қурилиш ноқонуний бўлган, дея маълум қилди Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.
Украина ҳукумати 2014 йилда Қрим аннексия қилинганидан кейин Россия томонидан Керч бўғози орқали қурилган ва РФни босиб олинган яриморол билан боғловчи кўприкни бузиб ташлашни талаб қилди. «Бу халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган: Қрим - Украина. Шунинг учун кўприк - ноқонуний қурилишнинг оддий объекти, унинг қурилишига Украина рухсат бермаган. У яриморол экологиясига зарар етказади, шунинг учун демонтаж қилиш керак. Ихтиёрий равишдами, йўқми - фарқи йўқ», — деб ёзди 17 август, чоршанба куни Twitter микроблогида Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.
Бир кун аввал Британиянинг The Guardian газетасига берган интервьюсида Подоляк Украина РФ президенти Владимир Путин томонидан 2018 йилда шахсан фойдаланишга топширилган 19 километрлик Қрим кўпригини қонуний ҳарбий нишон сифатида кўришини айтди. «Бу - ноқонуний қурилиш ва Қримдаги Россия армиясини таъминлашнинг асосий дарвозаси. Бундай объектларни йўқ қилиш керак», - дея таъкидлади Подоляк. У, шунингдек, «яқин икки-уч ой ичида» Қримдаги объектларга янги ҳужумлар уюштирилишини эълон қилди, лекин УҚК Жанкой яқинида ва Гвардейское қишлоғи ёнидаги авиабазада портлашлар ортида турганини тасдиқламади. «Бизнинг стратегиямиз логистика, таъминот линиялари, ўқ-дорилар омборлари ва бошқа ҳарбий инфратузилмани йўқ қилишдир. Бу уларнинг ўзида тартибсизликни келтириб чиқаради», - дея тушунтирди Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси.
Сўнгги кунларда аннексия қилинган Қримда вазият кескинлашди. 9 август куни энг яқин фронт чизиғидан 200 километр узоқликда жойлашган Саки шаҳри яқинидаги Новофёдоровкада жойлашган ҳарбий аэродромда портлашлар содир бўлди. Аэродром РФ Мудофаа вазирлиги авиабазаси сифатида ишлатилади, самолётлар ва вертолётлар, шу жумладан денгиз авиацияси ҳам бу ерда жойлашган. Украина ОАВнинг ёзишича, аэродромдан Украина ҳудудига ҳужум қилган самолётлар бир неча бор фойдаланган. Киев Россия ҳарбий самолётлари йўқ қилинганини эълон қилди, Москва эса портлашлар пайтида рус ҳарбий техникасига зарар етмаганини билдирди.
16 август куни Жанкой яқинидаги Майское қишлоғида жойлашган ўқ-дорилар омборида портлаш ва Қрим яриморолининг асосий энергия марказларидан бири бўлган «Жанкой» трансформатор нимстанциясида ёнғин содир бўлди. Шундан сўнг ФҲ зонаси ўраб олинди, маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди, россиялик сайёҳлар Украина яриморолини оммавий равишда тарк эта бошлади. Москва диверсия ҳақида эълон қилди, бироқ портлаш учун масъуллар номини келтирмади.
Шу билан бирга, Киев Қримдаги портлашлар Украина Қуролли кучларининг зарбалари натижаси эканлигини тасдиқламади ёки инкор этмади.
Мавзуга оид
10:20 / 11.11.2024
Трамп жамоаси «йўқотилган Қрим» ҳақидаги сўзлардан бош тортди
23:37 / 17.10.2024
Эстония қримтатарларнинг депортациясини геноцид деб тан олди
22:45 / 09.10.2024
«Цистерналар портлашни бошлайди». Қримдаги йирик нефт базасида бошланган ёнғинни 3 кундан бери ўчириб бўлмаяпти
15:53 / 10.09.2024