Жаҳон | 08:42 / 19.08.2022
4456
3 дақиқада ўқилади

Брюсселда Сербия ва Косово ўртасидаги музокаралар натижасиз якунланди

Яқин кунларда Сербия ва Косово раҳбариятининг янги учрашувлари бўлиб ўтади, дея маълум қилди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Александр Вучич ва Альбин Курти билан музокаралардан сўнг.

Фото: Picture Alliance

Брюсселда Европа иттифоқи воситачилигида Сербия ва Косово ўртасидаги музокаралар натижасиз якунланди. «Афсуски, келишувга эриша олмадик», деди ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 18 август, пайшанба куни кечқурун Сербия президенти Александр Вучич ва Косово Республикаси бош вазири Альбин Курти билан учрашувдан сўнг. 

Шу билан бирга, Боррелнинг сўзларига кўра, бу келишувга уринишларнинг охири эмас, яқин кунларда янги музокаралар бўлиб ўтади. «Мен таслим бўлмайман. Биз ечим излашимиз керак», деб таъкидлади Европа дипломатияси раҳбари. У Курти ва Вучич билан алоҳида учрашувлар ўтказди, шундан сўнг 2011 йилдан бери Еврокомиссия воситачилигида олиб борилаётган «Белград-Приштина мулоқоти» доирасида Болқон сиёсатчиларини бир столга таклиф қилди. 

Музокаралар олдидан ҳам Вучич келишувга эришиш борасида оптимизм кўрсатмади. «Мен қандайдир ечимга умид қилишда давом этсам-да, шубҳа билан қоламан», деб ёзди у Twitter’да. Ўз навбатида, Курти Косово шимолида баррикадалар ўрнатаётган «ноқонуний серб тузилмалари»ни танқид қилди. 

Сербия ва Косово ўртасидаги можаро июль ойининг охирида, Приштина Сербия фуқаролари минтақага киришда олишлари керак бўлган вақтинчалик ҳужжатларни жорий этишга, шунингдек, Сербияда яшовчи сербларга автомашиналарни қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини алмаштиришга қарор қилгандан кейин яна кескинлашди. Косово серблари норозилик сифатида баррикадалар ўрнатди, шундан сўнг Приштина ҳукумати янги қоидаларни жорий этишни 1 сентябргача қолдирди. 

2008 йилда Косово Республикаси бир томонлама равишда Сербиядан мустақиллигини эълон қилди. Уни Европанинг кўплаб давлатлари, жумладан, Германия, шунингдек, АҚШ ҳам тан олган. Белград Косовони ўзининг автоном вилояти деб билади ва Приштина мустақиллигини тан олмайди. Сербиянинг позициясини Россия, постсовет ҳудудидаги аксарият давлатлар, шунингдек, ЕИнинг бешта давлати, Хитой ва Ҳиндистон қўллаб-қувватлайди. 

Сербия ЕИга киришга интиляпти ва шу муносабат билан Косово билан муносабатларни нормаллаштириш мажбуриятини олган. 2013 йилдан бери Белград ва Приштина муносабатларни ЕИ воситачилигида ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда. Россия Косовонинг БМТга киришига тўсқинлик қилмоқда. 

Мавзуга оид