— Конституциянинг янги таҳрирдаги 13-моддасида инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклиги белгиланмоқда.

Юридик тилда ифодаланган бу жумла юртдошларимиз учун мураккаблик қилиши мумкин. Шу боис келинг, уни соддалаштирайлик. Бу ўзгартириш нима учун таклиф этиляпти, эртага у қабул қилинса фуқаролар ҳаётида қандай енгилликка сабаб бўлади?

— Таъкидлаш керакки, Конституциянинг 13-моддаси янги таҳрирда баён этилмоқда. Янгиланаётган моддада инсон ҳуқуқларига оид бўлган муҳим нормалар ифодаланмоқда. Бу ўзгартириш тадбиркорларни, фуқароларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим бўла олади.

Таклиф этилаётган таҳрирда давлат томонидан шахсга қўлланадиган таъсир чораси кўзланган мақсадига эришиш учун етарли бўлиши кераклиги таъкидланмоқда. Шунинг билан бирга ушбу чора инсонлар учун имкон даражасида енгил бўлиши лозимлиги қайд этилмоқда. Юридик тилда ёзилган бу жумлалар юртдошларимиз учун тушунарсизроқ бўлиши мумкин.

Оддий тилда тушунтирадиган бўлсам, ҳар бир қоида ва мажбуриятнинг замирида мантиқ бўлиши керак. Ҳеч қайси бир тақиқ, чеклов ёки таъсир чораси инсон ҳуқуқларига ортиқча юк бўлмаслиги, унинг зиммасига зарур бўлмаган мажбуриятни юкламаслиги керак.

Фарҳод Примов, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фото: Kun.uz

Ҳайдовчилар билан боғлиқ битта мисол ёрдамида Конституцияга киритилаётган ўзгартириш моҳиятини тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Ҳайдовчи маълум бир турдаги қоидани бузадиган бўлса, унинг машинаси жарима майдончасига қўйилади. Аслида бу ортиқча иш, яъни хато. Ҳайдовчи то жаримани тўлагунча транспорт воситаси жарима майдонида туради. Иш кўриб чиқилади, жарима тўланади, ана ундан кейин автомобилни жарима майдонидан олиб чиқишга рухсат берилади.

Жарима майдонида сақлаб туришнинг ҳам кунлик тўлови бор. Бу тўлов ҳамма жойда ҳар хил. Лекин республика бўйича бир кун учун ўртача 20 мингдан 100 минг сўмгача тўланади.

— Бу худдики битта қоидабузарлик учун икки марта жазолашга ўхшайди, шундай эмасми?

— Икки марта эмас, уч марта жазолашга ўхшайди. Биринчиси, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жазо сифатида жарима тўлаяпти. Иккинчиси, машинаси жарима майдонида сақлангани учун алоҳида тўлов ундириляпти. Учинчиси эса ўша давр мобайнида транспорт воситасини бошқариш имкониятидан ҳам маҳрум бўлиб қолмоқда, аслида буям жазо ҳисобланади.