Ўзбекистон | 13:57 / 29.10.2024
5683
3 дақиқада ўқилади

Скутер ва самокатдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

Президент имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди: энди скутерлар, велосипедлар ҳамда самокатда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарима ёзилади.

Фото: Kun.uz

Президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, эндиликда скутерлар, мопедлар ва велосипедларни, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, уловли аравани бошқариб бораётган шахсларнинг ҳамда йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги БҲМнинг учдан бир қисми миқдорида (125 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, белгиланган тартибда нур қайтаргичлар ва чироқлар билан жиҳозланмаган индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, қолаверса, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиш БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида (187,5 минг сўм) жаримага сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, скутер, мопед, велосипедни, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб бораётган шахснинг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсирида ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур қоидалар қонун кучга кирган кундан эътиборан бир ой ўтгач, яъни 28 ноябрдан амалга киритилади.

Маълумот учун, кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларига электр двигатели билан таъминланган, кичик ўлчамдаги, асосан шахсий ёки қисқа масофаларда транспорт сифатида қўлланадиган воситалар. Буларга электр скутерлар, электр велосипедлар, миниатюр электр автомобиллар ва гироскутерлар киради.

Индивидуал ҳаракатланиш воситаларига эса шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган, асосан битта одамни ташишга қодир бўлган транспорт турлари. Уларнинг ичига велосипедлар, скейтбордлар, скутерлар, моноколесо, гироскутерлар, сегвейлар ва ҳатто кичик электромобиллар киради.

Мавзуга оид