Жаҳон | 10:40 / 26.08.2022
4245
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонда мамлакатга кириб келаётганлар учун коронавирус чекловлари яна жорий этилди

Фото: Akipress

Бундан буён Тожикистонга бораётганлар давлат чегарасини кесиб ўтишда ПЗР тести натижалари ёки COVID-19’га қарши эмланганлик сертификатини тақдим этишлари шарт, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Ушбу чора-тадбирлар республика штаби томонидан бошқа мамлакатларда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани муносабати билан COVID-19 тарқалиши олдини олиш бўйича эпидемияга қарши чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида жорий этилгани айтилади.

Маълум қилинишича, июль ойи бошида республика чегарасига келган барча фуқароларда тана ҳарорати ўлчанган. Тана ҳарорати белгиланган меъёрдан юқори бўлган фуқаролардан ПЗР тестини ўтказиш сўралган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмий маълумотларига кўра, 2022 йил февралидан буён мамлакатда бирорта COVID-19 билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган. Республика аҳолисининг қарийб 90 фоизи инфекцияга қарши эмланган.

Мавзуга оид