«ПСЖ» президенти ва УЕФА раҳбари қалин дўст – баъзи қарорлар бамаслаҳат қабул қилинмоқда
«ПСЖ» президенти Носир Ал-Хилайфий ва УЕФА раҳбари Александр Чеферин ўртасидаги дўстлик муносабатлари спорт жамоатчилигини тинч қўймаяпти. The New York Times бу борада кичик суриштирув ўтказди.
Нашрга бир неча ҳолатлар ёқмаяпти:
- «ПСЖ» президенти Чемпионлар Лигаси 1/8 финалида «Реал»дан нокаутга учраганидан кейин ҳакамлар хонасига киришга урингани учун жазоланмади. «Бернабеу»даги ўйиндан сўнг Носир ва собиқ спорт директори Леонардо ҳакам Данни Маккели билан орани очиқ қилишга уринишган эди. УЕФА фақат Леонардони жазолади.
- АҚШ футбол федерациясининг собиқ раҳбари, Чефериннинг яқин дўсти Сунил Гулати янги молиявий фэйр-плей (МФП) қоидаларини амалга киритиш учун масъулдир. «Барселона» президенти Жоан Лапорта ушбу қоидалар билан «ПСЖ» каби йирик ҳомийларга эга клублар янада кўпроқ пул сарфлаши мумкинлигидан ғазабланмоқда.
- «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хилайфий ҳозирда Европа клублари ассоциациясига раҳбарлик қиляпти. Шунингдек, УЕФА ижро қўмитаси аъзоси. Бундан ташқари, сайёрадаги деярли энг йирик телекомпания - beIN Sports директорлар кенгаши раиси бўлиб ишлаяпти. Лавозимлар сонининг бунчалик кўплиги манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда. Лекин УЕФА бундан хавотирланмаяпти.
Ҳар бир бандни батафсил кўриб чиқамиз.
Носир ҳакамга ташланди ва ҳатто байроқчани синдирди
Movistar мухбири Моника Марчанте сўзларига кўра, Чемпионлар Лигаси 2021/22 мавсумининг 1/8 финалидан ўрин олган «Реал»га (1:3) қарши ўйиндан кейин Ал-Хилайфий тезда трибуна остидаги бинога тушиб, бақир-чақир қилган ва йўлида учраган нарсаларга зарба берган. У собиқ спорт директори Леонардо билан бирга ҳакамлар хонасини излаган ва Маккели билан орани очиқ қилишга уринган.
Носирнинг ғазабига «Реал»нинг биринчи голи билан боғлиқ вазият сабаб бўлган – Карим Бенземанинг босими остида дарвозабон Доннарумма аҳмоқона хатога йўл қўйган эди. Парижликлар хўжайини бунда Бензема ўйин қоидасини бузган, ҳакам эса голни инобатга олмаслиги керак деган фикрда бўлган.
Ўша вақтда «ПСЖ» бош мураббийи бўлган Маурисио Почеттино: «Қандай шармандалик! Фол бор эди. Бундай қўпол хато ҳақида жим туриб бўлмайди. 2022 йилда бундай ҳолат бўлиши мумкин эмас», деган эди.
Marca нашрининг ёзишича, «ПСЖ» президенти дастлаб ҳакамни топа олмаган ва тасодифан «Реал» делегати Мегиа Давила хонасига кирган. Шундан сўнг Ал-Хилайфий ҳакам хонасини топган. Бош ҳакам ундан чиқиб кетишни сўраганида, президент ёрдамчи ҳакамнинг байроғини синдирган. Вазиятни суратга олаётган «Реал» ходимига эса ҳиссиётларга берилган ҳолда «ўлим» билан таҳдид қилган.
Можаронинг катталашиб кетишига «ПСЖ» хавфсизлик хизмати йўл қўймаган. Қўриқчилар ўз бошлиғининг йўлини тўсиб, уни олиб кетишган. Леонардо ходимдан ёзиб олинган видеони ўчиришни талаб қилган, бироқ у бундай қилмаган. Кейинчалик видео УЕФА комиссияси томонидан кўриб чиқилган.
Расмийлар ҳолат бўйича якуний қарор чиқаришни анча орқага суришди. Фақат июнь ойига келиб, Леонардо бир ўйинга дисквалификация қилинди. Ал-Хилайфий эса негадир жазодан қутулиб қолди.
«ПСЖ» янги МФП қоидаларини илгари сурмоқда
«ПСЖ» ва «Манчестер Сити» молиявий фэйр-плей қоидаларини бузганликда бошқалардан кўра кўпроқ гумон қилинади. 2014 йилда улар УЕФА томонидан жаримага тортилиб, Чемпионлар Лигаси қайдномасини қисқариши билан жазоланган эди. Аммо бу қарорга эътироз билдириб, тез орада судда ютиб чиқишди. Кейинчалик улар МФП қоидаларини четлаб ўтиш учун ҳомийлик шартномаларини сунъий равишда оширганликда гумон қилинди.
Яқинда УЕФА янги молиявий фэйр-плей қоидаларини эълон қилди. Унинг асосий талаби - «молиявий барқарорликни ошириш» ёки эгаси томонидан киритиладиган тўғридан-тўғри инвестицияларга қўйилган чекловни юмшатиш. Олдинги қоидалар «даромадга яраша буромад» тамойилига асосланган ва клублар даромадидан келиб чиққан ҳолда трансферларга пул сарфлаши мумкинлигини англатар эди. Янги қоидаларда эса «молиявий барқарорлик» деган тушунча киритилмоқда. Энди хўжайинлар клубнинг эмас, балки ўз даромадидан келиб чиққан ҳолда трансферларга пул сарфлаши мумкин. Яъни, «барқарорлик» уларнинг ҳамёнидаги пулларга боғлиқ.
New York Times бунинг ортида Сунил Гулати турибди деб ҳисобламоқда. У олдин ФИФА ташкилотида ишлаб, «бойларга ёрдам бериш» билан шуғулланган. Ҳозирда «ПСЖ» ушбу МФП қоидаларини илгари суряпти.
«Ал-Хилайфий – бошқа савиядаги одам. У барчамизни аҳмоқ қилмоқчи ва худди такаббур бойвачча каби дарс бермоқчи. Аслида «ПСЖ» учун ҳеч қандай қоида амал қилмайди», дейди Ла Лига раҳбари Хавьер Тебас янги МФП қоидалари ҳақида.
Унинг сўзларига кўра, «ПСЖ» президентининг бундай хатти-ҳаракатлари Европа футболига хавф солади.
«Биз Носир Ал-Хилайфий УЕФА ижро қўмитаси аъзоси ва Европа клублари ассоциацияси раҳбари бўлганидан кейин келажакда бундай амалиётдан ўзини тийиши ва бу зарарли эканини тушунишига умид қилган эдик. Аммо ҳаммаси аксинча бўлиб чиқди. «ПСЖ»га жуда катта сармоялар киритилмоқда. Бу тўғри эмас.
Бу хатти-ҳаракатлар давлатга тегишли клубларнинг футболдаги қоидаларни ҳурмат қилмаслиги ва қилишни ҳам истамаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Бу қоидалар юз минглаб иш жойларини сақлаб қолиш учун зарур. «ПСЖ» президентининг бундай хатти-ҳаракати Европада Суперлига ташкил қилинишига олиб келиши мумкин», деди Тебас.
Носир УЕФА президенти Чеферинга таъсирини ўтказа олади
Баъзилар «ПСЖ» президенти жуда кўп муҳим лавозимларга эга эканидан норози.
ФИФА собиқ мулозими Мигель Мадуро бу ҳақда шундай деди:
«УЕФА раҳбарияти «ПСЖ» клуби тарафида ва қоидаларни бузмоқда. «ПСЖ» томонидан МФП қоидаларига амал қилинишини текширган қўмита аъзоларининг кўпчилиги ўз ихтиёрига кўра кетди ёки бошқа, мойилроқ одамларга алмаштирилди. Манфаатлар тўқнашуви борлиги аниқ. Ал-Хилайфий ҳам ижроқўм аъзоси, ҳам клуб президенти, аммо ҳеч ким бунда муаммо кўрмаяпти. Ҳеч ким ўзининг иқтисодий манфаатлари ва айниқса сиёсий алоқалари билан УЕФА ижроқўми аъзоси бўлиши мумкин эмас».
Тебас ҳам бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди:
«У жуда кўп лавозимларни эгаллаган ва кўплаб манфаатлар тўқнашуви юз беряпти. 2022 йилда бунга йўл қўйиб бўлмайди. У Ла Лига ва Чемпионлар Лигасини намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олувчи компанияни бошқаряпти, бир вақтнинг ўзида УЕФА ижроқўмида ишлаяпти, бу мумкин эмас».
Носир Ал-Хилайфий УЕФА президенти Чеферин билан жуда яқин. Улар Суперлига билан курашиш жараёнида қалин дўст бўлиб қолишган.
«Мен «ПСЖ» президенти билан эмас, Европа клублари ассоциацияси президенти билан яхши муносабатдаман. У бошқа клублардан фарқли ўлароқ, Европа футбол моделини тушунади ва ҳимоя қилади», - деб тан олган эди УЕФА президенти.
Мисол тариқасида Чемпионлар лигаси 2021/22 мавсуми финалини келтириш мумкин. ABC нашридаги испаниялик журналистлар ёзишича, Чеферин финални Санкт-Петербургдан Парижга кўчириш ҳақидаги қарорни Ал-Хилайфий билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилган. Париж мэри Анн Идальго финални «Стад де Франс»да ўтказиш хавфли экани ҳақида огоҳлантирган, бироқ унинг сўзлари инобатга олинмаган. Финалнинг қайғули оқибатлари барчага аён – чиптага эга бўлган минглаб мухлислар ўйинга киролмаган, полиция билан тўқнашувлар юз берган, финал ярим соатга кечиктирилган эди.
Шаҳар мэри стадион жойлашган Сен-Дени коммунасида кўплаб муҳожирлар борлиги, жиноятчилик даражаси юқорилиги, яъни кўп сонли меҳмонларнинг хавфсизлигини кафолатлаш қийинлиги билан асослаб берган.
Аммо дўстлар дуэти бу қарорни қабул қилишда ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйган кўринади. Финални Санкт-Петербургдан кўчириш масаласи кўриб чиқилаётганда «ПСЖ» нимчоракфиналда «Реал»га қарши жавоб ўйинини ҳали ўтказмаган эди. Яъни, Ал-Хилайфий «уй финали» бўлишидан умидвор эди.
Унинг ўзи турли айбловларга нисбатан ҳар доим мужмал жавоб қайтариб келмоқда.
«Биз нима қилишни, қўлимиздан нима келишини биламиз. Бошқа лигалар, клублар ёки федерациялар ҳақида гапириш бизнинг услубимиз эмас. Биз ҳеч кимга ақл ўргатмаймиз, бизга ақл ўргатишларига ҳам йўл қўймаймиз. Бу гаплар ҳар йили такрорланмоқда», деган эди Носир Ал-Хилайфий.
Мавзуга оид
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
13:55 / 23.10.2024
«Реал»да яна камбэк, «ПСЖ» оғир вазиятда. Кун ўйинлари
23:12 / 30.09.2024