Жаҳон | 09:35 / 29.08.2022
9011
4 дақиқада ўқилади

Европа судьялари ЕИнинг Полшага кўп миллиард евролик ёрдамига эътироз билдирмоқчи

Европалик судьялар фикрича, Европа иттифоқи Полшага 35 миллиард евро ажратмаслиги керак, чунки бу мамлакат суд ҳокимияти мустақиллигини чеклайди. Улар Европа иттифоқи судига даъво аризаси билан мурожаат қилишди.

Фото: Getty Images

Европанинг тўртта етакчи судьялар ассоциацияси Европа иттифоқининг Люксембургдаги судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Брюсселдан Полшага 35,4 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб этди. ЕИ бу маблағларни суд тизими мустақиллигини чеклашда давом этаётган мамлакатга ажратмаслиги керак, дея маълум қилди даъвогарлар 28 август, якшанба куни.

Гап Европа иттифоқи Полшага 2021 йилда коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарши курашиш учун ўз жамғармалари ҳисобидан кўрсатиш ниятида бўлган ёрдам ҳақида бормоқда. Бироқ, Полшадаги мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти туфайли Еврокомиссия, кейин эса Европа иттифоқи мамлакатлари молия вазирлари ушбу маблағларни кечиктириш билан - фақат жорий йилнинг июнь ойида тақдим этишни маъқулладилар.

Бунинг эвазига Варшава ҳукумати суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш мажбуриятини олгани айтилади. Бироқ, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилган судьялар уюшмаларига кўра, Европа иттифоқи томонидан Полшага қўйилган талаблар «судьялар ва суд ҳокимияти мустақиллигини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш учун зарур бўлган талаблардан паст».

Июнь ойида Полша президенти Анжей Дуда суд-ҳуқуқ ислоҳоти тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларни имзолади, унга кўра, мамлакат Олий суди интизомий палатаси тугатилди. Бу палатанинг тарқатилиши Еврокомиссиянинг Полшага 35 миллиард евро ажратиш шартларидан бири эди. Шу билан бирга, Дуда томонидан имзоланган қонун интизомий палата ўрнига бошқа орган – Касбий масъулият палатаси ташкил этилишини назарда тутади, унинг 11 нафар аъзоси президент томонидан тайинланади. Полшанинг ҳукмрон партияси танқидчилари ислоҳотни юзаки деб ҳисоблашди.

Олий суднинг тартиб-интизом палатаси Полшада 2018 йилда ҳукмрон консерватив «Қонун ва адолат» партияси ташаббуси билан ташкил этилган. Ислоҳот амалда ҳукуматга судьяларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳуқуқини берди.

Палата аъзолари парламент томонидан тайинланган Миллий судьялар кенгаши томонидан сайланган судьялардан иборат. У судьялар ва прокурорларга нисбатан интизомий иш юритиши ва бу жараёнлар натижасида Олий суд аъзоларини лавозимидан четлаштириши мумкин эди.

Ислоҳот мамлакат ичидаги кўплаб сиёсатчилар ва фаоллар, шунингдек, Полша расмийларини мамлакат суд тизимини назорат қилишда айблаган Европа иттифоқи томонидан танқид қилинди. 2020 йилда Европа иттифоқи суди Полшага интизом палатаси қоидаларини зудлик билан тўхтатишни буюрди. 2021 йил октябр ойида худди шу суд тузилмани бекор қилиш тўғрисидаги қарор амалга оширилгунга қадар Полшага кунига 1 миллион евро миқдорида жарима солди. 

Полша ҳукумати дастлаб бу органни яқин ойларда тарқатиб юборишга ваъда берди, бироқ кейин мамлакат Конституциявий судининг Полша конституцияси қоидаларининг Европа қонунчилигидан устунлиги ҳақидаги қарорига асосланиб, буни амалга оширишдан бош тортди. Ўтган йил октябр ойида можаро авж олгандан кейин бутун мамлакат бўйлаб Полшани Европа иттифоқида сақлаб қолиш учун юз минглаб намойишчилар норозилик намойишларига чиқди.

Мавзуга оид