Россия разведка хизматлари АҚШ ва Канадага юк рейсларида портлашлар тайёрлаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Полша миллий прокуратураси матбуот котиби Пжемислав Новак маълум қилди. Унинг 8 ноябр, жума куни айтган сўзларини Reuters агентлиги келтирган.

Июл ойида Буюк Британия, Германия ва Полшадаги курерлик хизмати омборларида посилка портлашлари содир бўлди. Полша миллий прокуратурасининг фикрича, дастлаб режанинг бир қисми юкни ҳавода портлатиш бўлган.

«Иш бўйича тўпланган далиллар муҳокама қилинаётган қўпорувчилик... Россия махсус хизматлари томонидан илҳомлантирилгани эҳтимоли юқори эканлигини кўрсатади», — деди Новак.

Россиянинг Варшавадаги элчихонаси Reuters агентлигининг изоҳ тақдим этиш ҳақидаги сўровига жавоб бермади. Аввалроқ Россия воқеаларга алоқадорлигини рад этган эди.

Полша расмийлари РФнинг икки фуқаросини қидирмоқда ва тўрт украинликни ушлади

Новакнинг сўзларига кўра, Полша расмийлари икки Россия фуқаросини қидирмоқда ва тергов доирасида тўрт украиналикни қўлга олган.

Октябр ойида прокурорлар Россия номини тўғридан тўғри айтмасдан, «хорижий разведка» аралашувини текшираётганини билдирганди.

Ҳозирда «юқорида тилга олинган халқаро гуруҳга алоқадор қолган шахсларни аниқлаш бўйича жадал чоралар кўрилмоқда», — дея аниқлик киритди Новак 8 ноябр куни. «Ушбу ҳаракатлар Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Посилкалар, прокуратура маълумотларига кўра, Литва пойтахти – Вилнюсдан жўнатилган.

Канаданинг Москвадаги дипмиссияси раҳбари ўринбосари РФ ТИВга чақирилди

Айни вақтда, 8 ноябр куни Канаданинг Москвадаги дипломатик миссияси раҳбари ўринбосари Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, дея хабар беради Россия идораси.

Унга, Москванинг фикрига кўра, портловчи моддаларни почта орқали, шу жумладан Канададаги олувчиларга жўнатиш орқали НАТО давлатларига қарши «гўё режалаштирилган Россия диверсиялари» юзасидан «ёлғон» айбловлар муносабати билан расмий нота топширилди.