09:32 / 02.09.2022
12044

Норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш асосан уч ҳудудда кузатилмоқда

Фото: Навоий вилояти ФВБ

“Президент ва ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси эълон қилинди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзйўлинспекция” томонидан республикадаги 26 та (Самарқандда - 10, Сурхондарёда - 6, Қашқадарёда - 4, Жиззахда - 3, Тошкентда - 2, Андижонда - 1 та) дарё ва сойлар устидан ўтган кўприклар ҳолати мониторинг қилинганда, ушбу кўприклар жойлашган дарё ва сойлар ўзанидан назоратсиз равишда тош, қум ва шағал қазиб олиниши натижасида ўзан сатҳи пасайиб, кўприклар оралиқ таянчлари авария ҳолатига келиб қолгани аниқланган.

Прокуратура органлари томонидан бошқа мутасадди идоралар (Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси, “Ўзйўлинспекция”, “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси, “Давлат экологик экспертизаси”, “Хавфсиз дарё”) билан ҳамкорликда кўприклар техник ҳолати ҳамда улар остидан ўтган дарё ва сойлар ичидан тош, қум-шағал қазиб олиниши қонунийлиги ўрганилган.

Ўрганиш натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 3 та тақдимнома киритилган ҳамда қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 3 та жиноят иши қўзғатилган.

2019-2021 йиллар давомида норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш бўйича Қашқадарё вилоятида 80 та, Самарқанд вилоятида 74 та, Тошкент вилоятида 71 та, Бухоро вилоятида 30 та, Андижон вилоятида 29 та, Сурхондарё вилоятида 28 та, Фарғона вилоятида 26 та, Навоий вилоятида 24 та, Жиззах вилоятида 22 та, Наманган вилоятида 15 та ҳолат аниқланган.

Норуда фойдали қазилмаларни мунтазам равишда ноқонуний қазиб олиш ишлари Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида содир бўлмоқда ҳамда улар йилдан йилга ошиб бориш тенденцияси Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида аниқланган.

Кейинги 3 йил давомида республика ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанлари ҳамда қирғоқбўйида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи 405 нафар тадбиркорлик субъектларидан 60 тасида тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳолати аниқланган.

Дарёлар ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартиби энг кўп бузилиши ҳолатлари Наманган (123 та), Фарғона (64 та), Қашқадарё (50 та), Тошкент (29 та), Андижон (25 та), Самарқанд (24 та) вилоятларига тўғри келган.

Республика бўйича норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари кўрсаткичи 2019 йилдаги 101 тадан, 2021 йил якунига келиб 200 тага, яъни қарийб 2 баробарга ошган.

Top