Экспертлар Россия иқтисодиёти санкциялар юки остида қулашини айтганди. Шундай бўлдими?
Кенг кўламли санкциялар Россия иқтисодиётини чўктириб юбора олмади. Нега? Нуфузли иқтисодчилар бу саволга жавоб беришди.
Россия 6 ойдан бери энг кўп санкция қўлланган давлатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Уруш бошланганидан сўнг кўплаб таниқли иқтисодчилар яқин ойларда Россия иқтисодиёти санкциялар оқибатида чуқур инқирозга юз тутиши ва ҳатто қулашини башорат қилишганди. Ҳозирча бу юз бермади. «Медуза» экспертлар билан санкциялар оқибатлари ва россияликларни келажакда нималар кутаётгани ҳақида суҳбатлашди.
Рубен Ениколопов
Россия иқтисодиёт мактабининг собиқ ректори ва профессори:
Санкциялар иқтисодиётга катта зарба берди, бироқ, Россия президенти маъмурияти ва ҳукумати унинг оқибатларини пасайтириб кўрсатишга уринмоқда. Уларнинг кўпчилиги узоқ муддатли таъсирга эга. Менимча, санкцияларнинг сезиларли таъсири кейинги йилнинг бошидан билинади ва бир неча йил давом этади.
Ҳозир Россияда иқтисодиёт соддалашмоқда, ҳамма нарсанинг сифати – хизматлар, товарлар, ишлаб чиқариш кескин пасаймоқда. Бу бир неча йил давомида қандай бартараф этилиши аниқ эмас.
Импорт маҳсулотларини Хитой, Ҳиндистон ва бошқалардан олиш мумкин, бунинг имкони бор, лекин тушуниш керакки, бу сифат жиҳатидан Россияни анча ортга ташлайди. Энг муҳими – ишлаб чиқариш маҳсулотларини импорт қилиш. Завод бор, унга эҳтиёт қисмлар керак, лекин сотиб олиш қийин. Ҳозирча бу муаммо кенг кўламли эмас, шу сабабли ҳал қилиниши мумкин. Заводлар ишлаяпти, жиҳозлар ҳали бузилмади. Лекин вақт ўтгач, улар катта ҳажмда ишдан чиқади (масалан, эскириш туфайли), аммо ўрнини тўлдиришнинг иложи йўқ. Буни Хитойда ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмлари билан қоплаб бўлмайди, чунки технология бошқача.
Энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу – самолётлар билан боғлиқ. Улар ҳали эҳтиёт қисмларга ажратилмади, аммо жараёнга тайёргарлик кўриляпти. Албатта бу айфонлар танқислиги каби сезиларли эмас, аммо таъсири анча кучли бўлади.
Баъзи заводлар тўхтайди, маҳсулот ишлаб чиқариш камаяди. Товарлар таъминотида баъзи муаммолар пайдо бўлади. Агар истеъмол товарлари ҳақида гапирадиган бўлсак, сифат пасайиши ва ассортимент камайиши – аллақачон содир бўлган воқеа.
Менимча, аҳолининг аксарияти буни англамайди ҳам. Худди совет давридаги каби: ҳамма икки-уч хил колбасани истеъмол қилган ва фақат чет эл сафарига чиққанда унинг тури 50 та бўлиши мумкинлигини билишган. Муаммо йўқдек туюлиши мумкин, бироқ, бошқаларда бор нарсаларга разм солинса, жуда кўп қулайликлардан маҳрум бўлганимизни англашимиз мумкин.
Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашганлар санкциялар туфайли кўпроқ жабр кўради. Масалан, Россиянинг энг илғор тармоқлари ва энг бой фуқаролари. Чекка ҳудудда яшаётганлар бундай импорт товарларга эҳтиёж сезмаслиги мумкин, фақат баъзи нарсаларнинг нархи ошганини кўради. Аммо Москва ёки Санкт-Петербургда яшаётганлар смартфонлар, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларнинг ассортименти камайганини ҳис қилишди.
«Яширин» импорт истиқболлари анча чекланган. Баъзи ҳашаматли товарлар ҳақида гапирсак, ҳа, улар келтирилади, муаммо ҳал қилинади. Лекин оммавийроқ нарсалар ҳақида гап кетса, уларни катта ҳажмда яширин импорт қилиш иложсиз.
Санкциялар таъсири гўё қурбақани қозонда иситишга ўхшайди: ҳамма нарса яхши бўлиб туюлиши мумкин, аммо жараён узоқ давом этади. Ўзгаришлар аста-секин содир бўлганда, одамлар уларга нисбатан кескин муносабат билдирмайди. Аммо узоқ келажакда бу ўзгаришлар даҳшатли экани ва Россия иқтисодиёти умидсиз равишда етакчи мамлакатлардан ортда қолаётганини кўрамиз.
Уруш бошлангач биз илонга дуч келганимизни, Россия иқтисодиёти тезда заҳардан нобуд бўлишига ишонган эдик, лекин биз бўғма илонга дуч келдик, у бизни аста-секин ўлдирмоқда. Интиҳо бир хил, аммо жараён бошқача.
Албатта бундай ҳолатда яшаш мумкин, ҳатто Венесуэла ҳам қандайдир тарзда кун кўрмоқда. Лекин биз Венесуэла эмасмиз, кўпроқ Эронга яқинроқмиз. Ҳа, ҳаммаси аввалгидек яхши бўлмайди. Лекин, яшаса бўлади, ҳатто узоқ давр давомида ҳам.
Александр Исаков
Россия, Марказий ва Шарқий Европа бўйича Bloomberg Economics иқтисодчиси:
Санкциялар таъсири худди 2014-2015 йилларда биринчи катта чекловлар тўлқинидаги каби бўлди. Худди Жанубий Африка ёки Эрон каби бошқа мамлакатларга киритилган молиявий санкцияларга ўхшаш. Улар иқтисодиётдаги таркибий ўсишни секинлаштиради, лекин соғлом балансга эга, қарз миқдори кам бўлган ва жорий ҳисоби ижобий бўлган давлат учун улар қўққисдан салбий таъсир кўрсатмайди.
Оммага машҳур иқтисодчиларнинг аксарияти банк соҳаси инқирозини кутишган эди. Улар банклар ўртасидаги ишонч йўқолиши, банклараро бозор тўхтаб қолиши ва кредит бериш тўхтатилишини башорат қилишди. Молия сектори тўхтаб қолиши оқибатида иқтисодиётнинг қолган қисмига зарба берилишини кутишди.
Лекин кейинчалик бу прогноз нотўғри бўлиб чиқди. Марказий банк жисмоний шахслар учун сузувчи ставка асосида кредит беришни чеклади, натижада молиявий барқарорликка эришди, тизимга ишонч йўқотилмади.
Россия 2013-2019 йилларда тўғри иш қилди: бу даврда заиф бизнес-моделга эга ўйинчилар банк бозорини тарк этди. Шунингдек, «эскроу» ҳисоб тизими йўлга қўйилди. Яъни қурилиш соҳасида «хавфсиз битим» тамойили жорий этилди. Бунда мижоз қурилиши тугалланмаган уй сотиб олганда, пуллар махсус ҳисоб рақамига қўйилади. Қурувчи уйни тугатиб, эгасига топширмагунча пулдан фойдалана олмайди. Қурилиш соҳасини молиялаштириш барқарорлашганидан сўнг, ҳозирда Хитойда содир бўлаётган воқеалар истисно қилинди.
Банк соҳаси барқарорлиги учун бу жуда муҳим чора. Шундай экан, банкларга капитални тиклаб олиш учун бир оз вақт керак, лекин энг ёмони ортда қолди.
Евгений Надоршин
«ПФ Капитал» консалтинг компанияси бош иқтисодчиси, Россия иқтисодий ривожланиш вазирининг собиқ маслаҳатчиси:
Нефт ва нефт маҳсулотларига тааллуқли санкциялар фақат 2022 йил охири ва 2023 йил бошида таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли, истеъмолнинг пасайиш нуқтасидан ўтилгани ва ҳукуматнинг бу йил ЯИМ атиги 3 фоизга пасайиши ҳақидаги ижобий изоҳларига қўшилмайман.
Менимча, 2023 йил воқеалар ривожи қандай бўлишидан қатъи назар ўсиш йили бўлмайди. Агар бу йил пасайиш 3 фоиз бўлса, келаси йили бундан ҳам ошади.
Ҳозирча чет эл бизнесининг Россиядан кетиши билан боғлиқ ишсизлик даражаси кескин ошмади. Масалан, Ericsson ва Nokia йил охирига қадар Россиядаги ишини давом эттиришни режалаштирмоқда. Тарк этаётган компанияларнинг аксарияти ишчиларни ярим кунлик иш режимига ўтказган ёки ҳақ тўланадиган таътилга юборган.
Бундан ташқари, ишсизларнинг бир қисми «махсус операция»га жалб этилган кўнгиллилар билан боғлиқ: улар иш билан таъминланганлар рўйхатига киритилган, чунки Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган.
Ковиддан ўлим даражаси ҳам пасаймади. Бу одамларнинг баъзилари меҳнатга лаёқатли аҳолидир ва бу ҳам ишсизликни камайтиради, чунки охир-оқибат уларнинг ўрнига бошқаси ишга олинади.
Товарлар экспорти билан боғлиқ вазият ёмонлашганини кўрмоқдаман. Импорт кутилганидан ҳам ёмонроқ тикланмоқда, ички бозорда товарлар ассортиментида муаммолар бор. Маҳаллий миқёсда нархлар асоссиз ошиб кетган.
Агар ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ичида хориждан келтириладиган компонент бўлса, яна бир муаммо юзага келади. Унинг ўрнини босадиган компонент топилмаса, ишлаб чиқариш тўхтаб қолади.
Импорт ўрнини маҳаллий товарлар билан алмаштиришга келадиган бўлсак, Марказий банк бир пайтлар буни ақлли ибора билан тавсифлаган эди: импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарилмаяпти деб айтолмаймиз, лекин бу Россия иқтисодиётидаги ишбилармонлик фаоллигига сезиларли таъсир қилмоқда деб ҳам айтолмаймиз.
Импорт ўрнини босиш лойиҳаларининг кўпчилиги, агар улар умуман бор бўлган тақдирда ҳам, зўрға амалга оширилаётгани ҳисобга олинса, 6 ой ичида тўлиқ жорий қилиниши даргумон. Шу вақт ичида импорт ўрнини босиш бўйича муваффақиятли лойиҳалардан хабарим йўқ ва маҳаллийлаштириш тўлиқ йўлга қўйиш мумкинлигига шубҳам бор.
Аввалроқ, Бауман университетида неон газ ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилди. «Махсус операция» туфайли уни хориждан етказиб бериш тўхтаб қолган эди. Лекин мен мураккаб ечимлар учун, ҳатто ўрта технологияли бўлса ҳам, 6 ой ичида бирор нарсани созлаш мумкин деб ўйламайман.
Қандайдир маҳсулотларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилган тақдирда ҳам, бозорлар ўсмагунча, бу шунчаки пасайишни юмшатди.
Олег Ицхоки
Лос-Анжелесдаги Калифорния университети иқтисодиёт профессори:
Реал иқтисодий санкцияларни қўллашдан кўра, Украинага ҳарбий ёрдам бериш осонроқ бўлиб чиқди, бу қайғули. Қўшма Штатларда нефт масаласида Европага катта босим ўтказмасликка қарор қилишди. Чунки улар Россия нефтини сотиб олишдан зудлик билан бош тортса, нефт нархи бир баррел учун 200 долларгача кўтарилишидан қўрқишди. Улар Европа иқтисодиётида ҳеч қандай инқироз бўлишини хоҳламадилар.
Иқтисодчилар нуқтайи назаридан, бу катта хато. Биринчи навбатда француз ва немис иқтисодчилари орасида нефт ва газ санкциялари зудлик билан – март ойидаёқ қўлланиши керак, деган якдил фикр мавжуд эди. Бу Россиядаги иқтисодий вазиятни тубдан ўзгартирган бўларди.
Март ойида энергия санкциялари киритилиши Европа мамлакатлари учун қимматга тушган бўларди, аммо иқтисодчиларнинг таъкидлашича, бу харажат олти ойдан кўпроқ давом этган уруш нархидан анча паст. Аммо Европадаги саноат лоббиси иқтисодчилар фикридан кўра кучлироқ бўлиб чиқди. Шу сабабли, иқтисодий санкциялар тўлақонли бўлмади, оқибатда, Россия март-апрел ойларида нефт ва газ экспортидан рекорд даражада даромад олди. Олтин-валюта захиралари музлатилганига қарамай, бу бюджет учун молиявий ёстиқни вужудга келтирди.
Ҳозирги босқичда санкцияларнинг маъноси – урушни молиялаштиришни давлат бюджети учун жиддий муаммога айлантиришдир. 2022 йил учун бюджет тақчиллиги аллақачон башорат қилинмоқда, у Миллий бойлик жамғармаси (МБЖ) ҳисобидан қопланади. Аммо камомад кўлами ва МБЖ қай даражада ишлатилиши аниқ эмас.
Шу билан бирга, аҳолининг номинал даромадлари 1 фоизга камайди. Бу кўп эмас, лекин яшаш нархи 14 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликда иқтисодиёт 5 фоизга пасайди, бироқ, турмуш даражаси пасайиши анча юқори – тахминан 14-15 фоизни ташкил этди. Сўнгги 10 йил ичида Россия иқтисодиёти анча ўсган бўлса, бу кўрсаткич 6 ой ичида йўқотилди.
Бу ерда иккита эҳтимолий сценарий бор. Биринчиси, Россия яқин келажак учун ресурслар захирасига эга, демак, иқтисодиётни турғун ҳолатда ушлаб туришга қодир. Иккинчиси, ресурслар урушнинг биринчи олти ойида сезиларли даражада камайган. Ҳақли савол туғилади: агар давлат иқтисодиётни қўллаб-қувватламаса, бу ишсизликнинг инқирозли ўсишига олиб келадими?
Ҳеч ким яқин келажакда зудлик билан инқироз бўлишини кутмайди, чунки энди санкциялар бошқача ишламоқда. Европа Россия нефти ва газини сотиб олишдан бош тортса ҳам, Россия уларни Ҳиндистон, Хитой ва Индонезияга сотади. Эҳтимол, таъминот ҳажми аввалги даражада бўлмаслиги мумкин, лекин барибир янги мижозлар топилади.
АҚШ Молия вазирлигининг мақсади жаҳон бозорларига нефт ва газ етказиб бериш кескин камайишига йўл қўймаслик, ресурслар бошқа мижозлар томонидан катта чегирмалар билан сотиб олинишига эришиш эди (бундай вазият Россия учун кам даромадли). Масалан, ҳозирда Ҳиндистон Россия нефтини катта чегирма (25-30 фоиз) билан сотиб олмоқда. Асосий масала – чегирма дунё нархига нисбатан қанчалик катта бўлишида.
Мутахассислар фикрига кўра, урушнинг бир куни 500 миллион долларга тушмоқда, бу Россиянинг ушбу даврда Европага энергия экспортидан олган 1 кунлик даромадига тенг. Яъни шу вақтгача Россиянинг уруш харажатлари амалда Европа томонидан қоплаб келинаётганди. Шубҳасиз, бу ҳолат бошқа такрорланмайди. Бу даромадлар тобора пасайиб бормоқда ва урушни худди шу миқёсда молиялаш шунчаки имконсиз бўлади.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024