Kun.uz мактаб дарсликлари яратилиши, соҳага жорий этилаётган янги технологиялар бўйича Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов билан суҳбат уюштирди.

– Президентнинг 2020 йилдаги тегишли фармонига кўра, мактаб дарсликларини чоп этиш Республика таълим маркази зиммасига юклатилган. Бизга мактаб дарсликлари яратилиши борасида, уларнинг форматлари ҳақида айтиб берсангиз.

– 2020 йилдан шу даргоҳда иш бошладим. Олдимизга мактаб таълимининг мазмунини янгилаш топшириғи қўйилди. Шундан сўнг кўп изландик. Бугунги кунда таълим мазмунини нималар ташкил қилади, хорижий давлатларники бизникидан қандай фарқланади, деган масалани кўтардик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, бутун дунёда ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш тенденцияси давом этаётган экан.

Бу ерда иккита омил бор: биринчиси, ўқувчининг синфхонадаги мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаш, яъни ўқитувчи синфхонадаги ягона ҳоким эмас, балки ўқувчини йўналтириб турувчи, холос. Шунга кўра, йигирмага яқин жиҳатларни саралаб олдик: ижодий ва креатив, ностандарт фикрлаш каби.

Иккинчиси — индивидуал қизиқишларга асосланган таълимни йўлга қўйиш. Бу ўқувчининг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда унга таълим бериш. Давлат таълим стандартларида ҳар бир фаннинг олдига мақсад қўйилади. Энг катта ютуғимиз ҳам шу деб ўйлайман. Миллий ўқув дастурида ҳар бир фаннинг концепцияси мавжуд. Шу концепцияда ҳар бир фаннинг олдига мақсад қўйиб чиқилди. Шунга кўра, ўқитувчи дарс ўтаётганда давлат таълим стандартлари билан ишлаши кераклиги белгиланди.

Бу вазифани бажариш аввалида дарсликларни қандай тайёрлаш борасида жуда ўйландим. Нашриётлар очиқчасига дарслик тайёрлаш салоҳиятига эга эмасмиз дейишди. Бунинг энг катта сабаби – муаллифлар мактаби кексайиб қолганида эди. Йиллар давомида бу тизимда шогирд тайёрланмаган. Ёш муаллифлар мактабига эҳтиёж борлигини сездик.

Ҳозирги кунда битта миллий ўқув дастурини яратиш учун 246 нафар маҳаллий экспертлар қатнашди. 20 дан ортиқ халқаро экспертлар билан ишлаяпмиз. Бугун 350 дан ортиқ ўқитувчи, методист, олимлар ва халқаро экспертлардан иборат муаллифлар мактаби шаклланди.

Муаллифларимизнинг ўртача ёши 40–45 атрофида. Дарсликлар 17 йил аввал янгиланган экан. Формат масаласи ҳам худди шунақа.