«Газпром» ёзнинг иккинчи ярмидан бошлаб «Шимолий оқим» бўйлаб газ етказиб беришни янада камайтириб борди: 15 июл куни қувурлардан Европага белгиланганидан 60 фоиз кам газ кета бошлади, кейинроқ оқим яна 20 фоизга камайтирилди.
Август ойи охирида қувурлар уруш вақтида одатий баҳонага айланган «техник кўрик» сабаб ишламай қолди. Сентябр ойида газ етказиб беришни қайта тиклашни ваъда қилган Россия «Партовая» газ қазиб олиш компрессор станциясида таъмирлаш «номаълум муддатгача чўзиладиган» носозлик қайд этилганини маълум қилди. Оқибатда Европада газ нархи яна 30 фоизга ошди, Чехия пойтахти Прагада энергия нархи ошишидан норози бўлган 70 минг одам намойишга чиқди.
Энергия нархи чиндан кескин ошиб бораётган бир вақтда Европа давлатлари фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун турли режалар ишлаб чиқа бошлади.
Германия
Сентябр ойи бошида Германия ҳукмрон коалицияси энергия нархи ошиб кетгани туфайли одамларга ёрдам пули бериш режаси учун 65 миллиард евро ажратишга эришди. Бу инфляция ва нархлар ошиши сабаб одамларга ажратилаётган учинчи ёрдам пакети ҳисобланади. Умумий ҳисобда Германия ҳукумати бу йўналишга 95 миллиард евро пул сарфлади.
Эълон қилинган ёрдам пакетига кўра 2022 йил 1 декабрдан бошлаб нафақадаги инсонлар 300 евро, талабалар эса 200 евро миқдорида бир марталик ёрдам пули олади. Шунингдек, барча ишлаётган фуқароларнинг маошларига 300 евро миқдорида устама қўшиб берилади. Шунингдек, Германияда уй-жой учун устама пули оладиган одамлар сони 2 миллион нафаргача етказилди. Улар иситиш тизимига тўлаш учун қўшимча 415 евро бир марталик ёрдам олади.
Германия ҳукумати фуқароларини транспорт учун арзон чипталар билан таъминлаш мақсадида қўшимча 1,5 миллиард доллар ажратади. Бутун ёз давомида эса Германияда бир ойга 9 евро тўлаб исталганча поездда ҳаракатланиш мумкин қилиб қўйилди.
Мамлакатда энергияни нисбатан кўпроқ ишлатадиган 9 мингта корхона фойдаланиши мумкин бўлган солиқ имтиёзлари қабул қилинган. 2023 йилдан бошлаб Германияда биринчи ва иккинчи фарзанд учун бериладиган бола пулининг бир ойлик миқдори 18 еврога ошириладиган бўлди. Шунингдек, Германияда энергия истеъмоли учун ҳаётий зарур минимал миқдор ҳам белгиланади. Хонадонлар шу миқдордаги энергия учун арзонлаштирилган тарифда пул тўлайди.
Ҳукумат мамлакатдаги энергия компанияларини жуда катта даромад учун солиққа тортиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда. Бундай солиқдан тушган пуллар эса газ, нефт ва кўмир нархи харидорларга максимал арзон нархда бориши учун ишлатилади.













