“Болалигимиз шу кўлда ўтган эди”

Халқ тилида Комсомол кўли деб аталадиган бу сув ҳавзаси кўп йиллар давомида андижонликлар учун хизмат қилиб келган. Бироқ хозир боғ ҳудуди ташландиқ ва хароб ҳолатга келиб қолган.

Kun.uz мухбири шу манзилда бўлиб, боғнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганди.

“Болалигимиз шу кўл атрофида ўтган. Ҳар куни шу ердан мактабга борардик. Дарсдан сўнг айланиш учун манзилимиз ҳам шу ер эди. Бирор тадбирларни ҳам мана шу жойда ўтказардик. Иссиқ кунлари чўмилардик. Жуда ҳам гавжум жой эди”, – дейди шу ерда яшовчи фуқаролардан бири.

“Аммо сўнгги йилларда боғ ҳудудида қурилиш ишлари баҳонасида кўл суви қуриганига гувоҳ бўлдим. Ҳозир ҳам ҳар куни шу ердан ўтаман ва мутасаддиларнинг бепарволиги сабабли аянчли ҳолатга келиб қолган боғ ва кўлни кўриб кўзим ёшланади.

Бу ерда жуда катта чинор дарахтлари бор эди. Уларни ҳам кесиб йўқ қилишган. Умуман, боғ ташландиқ чиқиндихонага айланган”, – дейди у.

Комсомол кўли, 1976 йил. / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Спорт соҳаси вакилларидан бирининг таъкидлашича, Комсомол кўлида спортчилар доимий машқларни ўтказиб келишган. Ҳозирда вилоятда эшкак эшиш спорт тури билан шуғулланиш учун сунъий кўл қолмаган. Спортчилар оқим сувларида мусобақаларга тайёргарлик кўришяпти. Бу уларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кўлда машғулот олиб бораётган спортчи. / Фото: Kun.uz

Кўл кимларнинг қўлида?

Андижон шаҳар ҳокимининг 2014 йил 24 апрел кунги 240-сонли қарори билан вилоят халқ таълими бошқармаси ихтиёрида бўлган, Университет кўчаси 1-уй манзилида жойлашган “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғи шаҳар маданият ва спорт бўлими тасарруфига берилган.

Шаҳар ҳокимининг 2016 йил 7 декабр кунги 917-сонли қарорига асосан эса боғ Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи “Green Land Invest” МЧЖга 10 йил муддатга (келгусида муддатини узайтириш шарти билан) фойдаланишга ва реконструкция қилишга берилган.