Жаҳон | 10:37 / 14.09.2022
8044
5 дақиқада ўқилади

Боррел ЕИ давлатларини Украинага ҳарбий ёрдамни икки баравар оширишга чақирди

Евроиттифоқ санкциялари урушда Россияга қарши ишламоқда, ЕИ давлатлари эса Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёр, деди Жозеп Боррел Европа парламентида сўзлаган нутқида.

Фото: Getty Images

Европа иттифоқи давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишга тайёр, бироқ улар Киевга зарур ёрдамни тезда етказиш учун босим ўтказишга тўғри келяпти, деди Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. 13 сентябр, сешанба куни у Страсбургда Европарламент депутатларининг Украинадаги уруш ва Европа иттифоқининг украиналикларга ёрдами ҳақидаги саволларига жавоб берди.  

«Ҳозир украиналикларнинг муваффақиятли қарши ҳужуми вазиятидан унумли фойдаланиш жуда муҳим, улар ҳатто биз кутганимиздан ҳам кўпроқ муваффақиятга эришди, демак, биз бошидан танлаган стратегиямиз тўғри. Энди биз иккиланмасдан, саъй-ҳаракатларимизни икки баравар оширишимиз керак, - деди Боррел. - Путин заиф демократиялар қишда газ, совуқ ва юқори нархлар туфайли Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатади, деб тахмин қилмоқда. Биз Украинага ёрдам беришда давом этишимиз керак, чунки буни кўриб турибмиз, бу самарали бўлади».

У Европа иттифоқи мамлакатлари фуқароларига мурожаат қилиб, бу ёрдамни сусайтирмасликка чақирди. Зал олқишлар билан жавоб берди.

«Путин уруш бошлаганида, олти ойдан кейин Россия армияси мудофаага ўтади ва чекинади деб ким ўйлаган эди? Бу, биринчи навбатда, украиналикларнинг қўрқмаслиги ва садоқати, иккинчидан, бизнинг ёрдамимиз туфайли мумкин бўлди», - деди Боррел.

Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тезлаштириш учун Европа иттифоқи давлатлари айланма етказиб бериш доирасида Украинага ваъда қилинган қуроллар учун бир-бирларига товон тўлаш бўйича саъй-ҳаракатларни яхшироқ мувофиқлаштириши керак. Украинага қурол етказиб беришдаги кечикишлар, асосан, Европа иттифоқи давлатлари ҳукуматлари ўзаро келиша олмагани билан боғлиқ, дейди Европа иттифоқининг хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили. Унга кўра, энди бу жараёнларни тезлаштирадиган янги механизм кучга киради.

Тарихда биринчи марта Европа иттифоқи уришаётган давлатга ёрдам бериш учун ўз ресурсларини сафарбар қилди, деди Боррел. Бу ёрдам учун бюджет биринчи марта Европа иттифоқи ҳукуматлараро жамғармасидан ажратилди. «Биз Украинани тинимсиз қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва унга нафақат ўз ҳудудини тўлиқ озод қилиш, балки Россия Украинанинг вайрон бўлиши учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олгунча курашни давом эттиришни ўз ичига олган мақсадларига эришишда ёрдам берамиз», деди ЕИ бош дипломати.

Россияга қарши санкциялар ҳақидаги саволга жавобан, у тўлиқ эффект бергунга қадар уларни бекор қилмасликка чақирди. «Бу урушда Россияга қарши санкциялар аллақачон ишламоқда. Украина кўчаларида вайрон бўлган рус танкининг ички қисмини кўринг ва у ерда қанча Ғарб электроника брендлари борлигини кўрасиз. Россия технология бозорининг 45 фоизи Европага боғлиқ. Биз бу таъминотни тўхтатдик, - деб тушунтирди Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари. - Россия самолётларининг учдан икки қисми энди учмайди, чунки улар Ғарбда ишлаб чиқарилган ва ЕИ эмбаргоси   бўлган эҳтиёт қисмларни олмаяпти. Бу Россиянинг урушда катта моддий йўқотишларни қоплаш қобилиятига таъсир қилади».

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг дастлабки 8 ойида Россиянинг нефт ва газдан даромадлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга камайган, чунки ЕИ давлатлари Россиядан урушгача бўлганидан беш баравар кам энергия ташувчилар харид қила бошлади. «Россиядан Европа иттифоқига етказиб бериш ҳажми шунчалик пасайиб кетдики, ҳатто газ нархининг ошиши ҳам йўқотишларни қопламайди», - дейди Боррел. «Биз Россия гази истеъмолини камайтиришда давом этамиз ва бу мамлакатдан тўлиқ энергетика мустақиллиги учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз», — қўшимча қилди у.

2022 йилда Европа иттифоқи Украинага макроиқтисодий ёрдам сифатида қўшимча 9 миллиард евро ажратди, шу вақтгача мамлакат бундан атиги 1 миллиардини олган. Бунга параллел равишда Киев Халқаро валюта жамғармаси билан янги, анча каттароқ макроиқтисодий ёрдам кўрсатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деди Боррел. 

Европа иттифоқи, шунингдек, Қора денгизда Украина озиқ-овқатларининг Россия томонидан қамал қилиниши оқибатларини юмшатиш учун Африка мамлакатларига 600 миллион евро ажратди. Боррелнинг ўзи тан олганидек, маблағ ушбу «драматик вазият»дан азият чекаётган барча одамларга ёрдам бериш учун етарли эмас. 

Туркия воситачилигида Россия билан тузилган «дон шартномаси» озиқ-овқат кемаларига ўз мақсадига эришиш имконини берса-да, «кўпчилик учун бу маҳсулотлар жуда кеч етиб боради», деди Европа иттифоқи дипломати. «Бу блокада кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлади», деди у. 

Мавзуга оид