Ғарб ва Украина урушни тугатиш схемасини муҳокама қилмоқда — ОАВ
«НАТО аъзолиги эвазига ҳудудлардан воз кечиш» схемаси Россия-Украина урушини тугатиши мумкин, аммо Украина бунга рози эмас.
Ғарб дипломатлари ва Украинадаги расмийларнинг тобора кўпчилиги «НАТО аъзолиги эвазига ҳудудлардан воз кечиш» схемаси Россия-Украина урушини тугатиши мумкин деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Financial Times ёзди.
Таъкидланишича, бундай ёндашув билан Москва де-юре эмас, де-факто ҳозир эгаллаб турган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолади ва Киев НАТО аъзолиги ва алянсдан хавфсизлик кафолатларини олади.
Аммо бу Украина расмийлари ва ғарбий иттифоқчилари томонидан Россиянинг 2014 йилдан бери босиб олган ҳудудлари устидан суверенитетини тан олишини англатмайди.
«Бу ерлар келажакда дипломатик йўллар билан қайтарилиши кераклиги тўғрисида келишув бўлиши мумкин. Аммо бу ҳатто украиналиклар учун нозик масала бўлиб қолиши тушунарли, айниқса Москва билан муросага келиш учун асос сифатида тақдим этилганда», деб ёзди FT.
Украинанинг НАТО аъзолиги «Ғарбий Германия» деб аталадиган модел бўйича амалга оширилиши мумкин - яъни хавфсизлик кафолатлари фақат Киев томонидан назорат қилинадиган ҳудудларга тегишли бўлади. Совуқ уруш даврида ҳам худди шундай бўлган - Германия Федератив Республикаси НАТО аъзоси эди, лекин ГДР эмас.
Сентябр ойи охирида Володимир Зеленский Вашингтонда Украина учун урушда «ғалаба қозониш режасини» тақдим этди, аммо бу Оқ уйда «таассурот қолдирмади». «Ғалаба режасининг» бандларидан бири Украинанинг НАТО аъзоси бўлишидир. Жо Байден бу ғояни 2025 йил январида президентлик муддати тугагунига қадар илгари суриши мумкин, деб ҳисоблайди нашр.
Зеленский офисидаги манба Украина «ҳудуд эвазига НАТО» формуласини муҳокама қилаётганини рад этади. «Страна» ва «РБК-Украина» томонидан келтирилган изоҳга кўра, Ғарбда ҳеч ким Украинага урушнинг кенгайиши ёки такрорланишига тўсқинлик қиладиган хавфсизлик кафолатларини расман ва аниқ таклиф қилмаган. «Иккинчидан, биз суверенитет ва ҳудудлар билан савдо қилмаймиз», деди журналистларнинг исмини ошкор этмаган суҳбатдоши.
Мавзуга оид
09:50
Россия КХДРга ҳарбий ёрдам учун 600 000 тонна гуруч таклиф қилмоқда
09:30
Россиядаги «ватанпарварлик акциялари» 91 млрд рублга тушди
01:01
Россия урушда қатнашаётган КХДР ҳарбийларига ҳар ой 2 минг доллардан тўлайди
17:30 / 04.11.2024