Ҳокимлар қарорлари ҳалигача шаффоф эмаслиги ҳокимлик ва иқтисодчи ўртасида баҳс келтириб чиқарди
Иқтисодчи Отабек Бакиров Тошкент шаҳар ҳокими битта маҳалланинг ёритиш тизими учун 2 млн доллар ажратгани ҳақида ёзди. Ҳокимлик матбуот хизмати буни рад этиб, иқтисодчи-танқидчи “минг баробарга адашгани”ни билдирди. Шу баҳс баҳонасида маълум бўлишича, ҳокимликларнинг 1 800 дан ортиқ қарор ва фармойишлари асоссиз равишда очиқ эълон қилинмаган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров E-qaror тизими ишга тушгач, ҳокимларнинг орқа сана билан қарор чиқариши, айниқса ер ажратиш ва сотиш билан боғлиқ махинацияларни уюштириш орқали пул ишлаши имконсиз жараёнга айлангани ҳақида ёзди. Шу билан бирга, тизимда ҳалиям муаммолар борлиги, булар қарор чиқариш ва ўзгартириш билан боғлиқлигига эътибор қаратди.
“Хусусан, бекор қилинган ҳоким қарорларини тизимдан қидириб топиш имконсиз. Балки тизим администраторларида бундай имконият бордир, лекин фойдаланувчилар бундан маҳрум этилган.
Мисол келтираман. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Oртиқхўжаевнинг 9 сентябрдаги 932-14-0-Қ/22-сонли қарори билан “Обод маҳалла” дастури доирасида тунги ёритиш тизимини яхшилаш лойиҳалари (объектлари) учун ажратилаётган маблағлар тасдиқланган. Гап шундаки, тунги ёритиш тизимини яхшилаш лойиҳалари илк бор 3 августдаги 788-14-0-Қ/22-қарор билан тасдиқланган. Янги қарор билан эски қарор иловаси бекор қилиняпти. Эски қарорни эса E-qaror тизимидан топа олмайсиз. Зўрми? Профит.
Худди шунингдек, 30 августдаги 895-14-0-Қ/22-сонли қарорининг 8-банди ва 1-иловасиниям топиш имконсиз. Бу нима дегани?! Ҳокимлар исталган масала бўйича қарор чиқариб, кейин бир муддат ўтиб, вазиятга қараб унга ўзгартириш киритиб ёки бекор қилиб, янгисини чиқараверишади. Эскиси эса базадан йўқ бўлиб қолаверади. Бу имконият жуда кенг манипуляция ва катта ўғриликларга йўл очади.
9 сентябрдаги 932-14-0-Қ/22-сонли қарорга қайтамиз. Бу қарор билан, масалан, Бектемир тумани, “Ийкота” МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун оз эмас, кўп эмас, 20,1 млрд сўм ажратилган. Яшнобод тумани, “Жарбоши” МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун эса 19,2 млрд сўм. Ўзингизга кўламни тасаввур қиляпсизми? Битта маҳалланинг ёритиш тизими учун қарийб 2 млн доллар. Энди савол, бундан аввалги тасдиқланган ва бекор қилинган қарорларда бу суммалар қандай миқдорда бўлган ва ўтган давр ичида тасдиқланган сумма қанчага шиширилган? Буни, афсуски, сиз ва биз била олмаймиз”, дея ёзди Бакиров.
“Иқтисодчи-танқидчи минг баробарга адашган”
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати юқоридаги постга расмий муносабат билдириб, “иқтисодчи-танқидчи минг баробарга адашгани”ни билдирди ва уни нотўғри маълумот тарқатишда айблади.
“Иқтисодчи назарда тутаётган ва ҳатто мақолада ҳавола сифатида келтирилган қарорда Бектемир тумани, “Ийкота” МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун 20,1 млрд сўм эмас, 20,1 млн сўм (20 120 000 сўм), Яшнобод тумани, “Жарбоши” МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун эса 19,2 млрд сўм эмас, 19,2 млн сўм (19 160 000 сўм) ажратилгани қайд этилган ва ушбу қарор билан e-qaror.gov.uz порталида танишиш мумкин. Шуни алоҳида қайд этамизки, мазкур қарорда келтирилган 22 та маҳалланинг тунги ёритиш тизимини янгилаш учун жами 88,3 млн сўм (88 341 450 сўм) ажратилиши белгиланган ва бу 8,066 АҚШ долларини ташкил этади”, дейилади расмий муносабатда.
“Скриншот олмаганим учун узр сўрайман”
Отабек Бакиров ҳокимликнинг муносабатига жавобан, миллиард ва миллион сўзларида адашмаганига ишончи комил эканига ишора қилиб, қарордан скриншот олиб қолмагани учун узр сўради.
“Ҳозир ўлчов бирлиги минг сўмда кўрсатилганди, дейиш бефойда. Чунки ўша эътироз билдирилган қарордан кеча скриншот олмаганимдан афсусланаман.
Дарвоқе, ҳоким томонидан маблағ ажратиш ва тақсимлаш билан боғлиқ иловаси мавжуд барча қарорларда ўлчов бирлиги ўлароқ минг сўм кўрсатилган. Бунинг ўзингиз текшириб, гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Нима бўлганда ҳам, кечаги пост ўз актуаллигини заррача йўқотгани йўқ. E-qaror тизимида қабул қилинаётган, ўзгартирилаётган, бекор қилинаётган қарорлар манипуляция қилинишига имконият қолдирилмаслик зарур. Йўқ бўлиб қолган 3 августдаги 788-14-0-Қ/22-қарор, 30 августдаги 895-14-0-Қ/22-сонли қарор кечаям тизимда йўқ эди. Ҳалиям йўқ”, – дейди у.
Бакировнинг фикрича, E-qaror тизими худди Lex.uz тизими сингари бутунлай қайта ташкил этилиши зарур. Бунда фойдаланувчилар учун қулайлик (форматлар, қайта ишлаш, излаш, бир ҳужжатдан иккинчисига ҳавола орқали ўтиш каби) тикланишдан ташқари, ҳокимларнинг барча қарорлари жорий мақоми бўйича (кучини йўқотган, амалда, ўзгартирилган) жойлаштириши керак.
Нега Ортиқхўжаевнинг қарорлари E-qaror тизимида эълон қилинмаган?
Адлия вазирлиги изоҳига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022 йил 3 августдаги 788-14-0-Қ/22-сонли ва 2022 йил 30 августдаги 895-14-0-Қ/22-сонли қарорлари E-qaror электрон тизими орқали қабул қилинган, бироқ ушбу қарорлар “фойдаланилиши чекланган ахборотларни ўз ичига олгани (мудофаа, хавфсизлик ва бошқалар) сабабли” барча фойдаланувчилар учун эълон қилинмаган.
Қўшимча қилинишича, адлия органлари томонидан ўтказилган мониторинг давомида ҳокимликларнинг 1 800 дан ортиқ қарор ва фармойишлари асоссиз равишда эълон қилинмагани аниқланган.
Вазирлик изоҳида E-qaror тизимига жойланган қарорларни ўзгартириб қўйишнинг техник имкони ҳокимликларда бор-йўқлиги масаласига аниқлик киритилмаган.
Адлия ахборотига муносабат билдирган Отабек Бакиров савол барибир жавобсиз қолаётганини таъкидлади.
“Мантиқ ва узвийлик етишмаяпти. Тизимга жойлаштирилмаган 3 августдаги 788-14-0-Қ/22-қарор, 30 августдаги 895-14-0-Қ/22-сонли қарорлар бизнинг наздимизда ижтимоий ва хўжалик аҳамиятига эга бўлган. Чунки айни шу қарорларга бошқа хўжалик ва ижтимоий соҳага оид қарор билан ўзгартириш киритилмоқда”, – дея ҳоким қарори фойдаланиш учун чекланган бўлганига шубҳа билдирди иқтисодчи.
Тошкент шаҳар матбуот хизматининг Кun.uz'га маълум қилишича, қарорда кўрсатилган маҳаллалардаги тунги ёритиш тизимини яхшилаш лойиҳалари учун ўша маҳаллар жойлашган туманлардаги ҳокимликлар томонидан бошқа қўшимча маблағлар ажратилмайди.
Мавзуга оид
16:37
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024