Ўзбекистон | 11:44 / 14.09.2022
1397
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда ТУРКСОЙ ташкилоти ўртасида меморандум имзоланди

9 сентябр куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти (ТУРКСОЙ) билан ўзаро илмий-амалий ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти – туркий давлатлардан ташкил топган халқаро маданият ташкилоти бўлиб, ташкилотнинг асосий мақсади – бу туркий давлатлар ва халқлар орасидаги дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришдир. Бу ҳамкорлик иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон билан маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ўрнатилган муносабатлар муҳим ҳисобланади.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

“Биз Туркиядаги бу ташкилот билан ҳамкорликда буюк шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Сайланма” асарини турк тилида чоп эттирдик. Бу Туркияда биринчи ўзбек адибининг турк тилига ўгирилган асари бўлди. Китоб барча туркий давлатларга тарқатилди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

ТУРКСОЙ ташкилоти билан алоқаларни мустаҳкамлаш бизга барча туркий давлатлардаги маданият ва санъат таълим муассасалари билан биргаликда ҳамкорлик қилиш имкониятини беради”, деди ЎзДСМИ ректори Иброҳим Йўлдошев.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг халқаро туркий маданият ташкилоти ТУРКСОЙ томонидан нашрга тайёрланган “Muhammed Yusuf. Seçmeler” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Анжуманда Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти бош директори Султон Раев ҳамда бош котиби ўринбосари Билол Чақижи сўзга чиқишди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

“Мақсадимиз улуғ – маданияти бир илдизга бориб тақаладиган барча туркий давлатлар маданият ва санъат йўналишидаги олийгоҳлар ўртасида кўприк бўлишдир. Маданият ва санъат олийгоҳлари талабалари учун 6 ойлик амалиётларни ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Ўзбек тилининг отаси бўлган Алишер Навоий ижодини туркий давлатлар орасида кенг тарқатиш мақсадида ташкилотимиз Навоий мукофотини таъсис қилди. Юртингизда бундай мутафаккирлар жуда кўп: тиббиёт отаси ибн Сино, математика отаси ал-Хоразмай, астрономия отаси Мирзо Улуғбек каби улуғлар шу жумладандир”, – дея таъкидлади ташкилот директори Султон Раев.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Йиғилиш якунида ўзаро меморандум имзолаш жараёни бўлиб ўтди ва санъат усталари томонидан концерт дастури тақдим этилди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Маълумот учун ТУРКСОЙ ташкилоти бош биноси Туркия пойтахти Анқарада жойлашган. Ҳозирги вақтда ташкилот бош директори қирғизистонлик Султон Раев ҳисобланади. Ташкилот 3 та расмий тилига эга, булар турк, рус ва инглиз тилларидир.


Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид