Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқини 202-кунида, 13 сентябр, сешанба куни рус қўшинлари қўшни давлатнинг босиб олинган аҳоли пунктларини назорат остида сақлашга уринишларини давом эттирди. Украина Қуролли кучлари (УҚК) ва унинг ҳудудий мудофаа бўлинмалари агрессияга қаршилик кўрсатмоқда. Мамлакат шарқи ва жанубида Украина бўлинмаларининг қарши ҳужуми давом этмоқда. Уришаётган томонлар вакилларининг баёнотларини мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Россия кучлари ҳали ҳам Донецк областини тўлиқ қўлга киритишга уринмоқда ва украиналикларнинг маълум ҳудудлардаги фаол ҳаракатларини тўхтатиб, қарама-қаршилик чизиғи бўйлаб ўқ узишни давом эттирмоқда. «Душман халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини, уруш қонунлари ва урф-одатларини бузган ҳолда тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига зарба беришда давом этмоқда. Россиянинг ҳаво ва ракета зарбалари, душман ЯЎРТ томонидан отилган ўқлар Билогоривка, Миколаивка, Верхнокамянске, Весела Долина, Зайцеве, Юривка, Нью-Йорк, Первомайское, Каменка, Времивка, Степове, Мали Шчербаки, Сухий Ставок, Костромка, Била Криниця ва Мирне аҳоли пунктлари ҳудудларидаги инфратузилмага зарар етказди», — дейилади Украина Бош штабининг кечки ҳисоботида.
Унинг маълум қилишича, руслар Украина объектларига 2 та ракета, 8 та авиация зарбаси ва 13 та ракета артиллерия тизимларидан ҳужум уюштирган. «Мудофаа кучлари Зайцеве, Одрадивка, Бахмут, Бахмутске, Весела Долина, Авдиивка, Безименноэ ва Новогригоровка аҳоли пунктлари ҳудудларида душман ҳужумларини муваффақиятли қайтарди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Киев Россия ҳарбийлари томонидан талон-торож қилишнинг янги ҳолатлари ҳақида хабар берди. «Старобилск -Луганск магистралининг Луганск йўналишидаги қисмида уч юзга яқин фуқаролик автомобиллари қайд этилди, улар асосан Харкив областининг давлат рақамларига эга. Талон-торож қилинган мол-мулк ортилган тиркамали транспорт воситаларининг аксарияти рус ҳарбийлари томонидан бошқарилган», - дейилади хабарда. Бош штаб, шунингдек, Россия Украинага қарши урушда 53 мингдан ортиқ одамини йўқотганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, қарши ҳужум давомида Украина ҳарбийлари Харкив областидаги расман эълон қилинганидан икки баробар кўп ҳудудларни озод қилган. У ўзининг Telegram-каналида 14 сентябр куни янгиланган маълумотларни тақдим этишга ваъда берди.
Айни пайтда, Украина Қуролли кучларининг Херсон областидаги қарши ҳужуми Харкивга қараганда секинроқ давом этмоқда, деди Украина мудофаа вазири Олексий Резников Британиянинг Financial Times газетасига. Унинг тушунтиришича, бу - руслар мудофаа хандақлари сифатида фойдаланаётган кўплаб суғориш каналларига эга қишлоқ хўжалиги ҳудуди. Резниковнинг сўзларига кўра, Харкив областидаги қарши ҳужум «қор уюми»га ўхшарди ва «кутилганидан ҳам яхши» ўтди.













