Жаҳон | 08:44 / 16.09.2022
7684
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олувчи ҳужжат тақдим этилди

Россияни терроризмнинг ҳомийси бўлган давлат сифатида белгиловчи қонун лойиҳаси сенаторлар Ричард Блюментал ва Линдси Грэм томонидан тақдим этилган.

Фото: Reuters

АҚШ Сенатига Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжатни 14 сентябр, чоршанба куни демократ Ричард Блюментал ва республикачи Линдси Грэм тақдим этди. Матбуот анжуманида улар Украинада тинч аҳолининг ўлдирилиши ва бошқа жиноятларнинг кўплаб далиллари туфайли ўз таклифларини долзарб деб атади. Овоз бериш санаси ҳозирча маълум эмас. 

Июл ойи охирида АҚШ Сенати Россия ҳукуматини Чеченистондаги иккинчи ҳарбий юриш пайтида тинч аҳолига қарши террор ва куч ишлатиш кампаниясини амалга оширганликда, Сурияда зарбалар берганликда ҳамда 2014 йилдан бери Донбассда айирмачиларни қўллаб-қувватлаганликда айблаб, мажбурий кучга эга бўлмаган резолюция қабул қилди.

АҚШ Сенати «Россия ҳукуматининг Россия президенти Владимир Путин кўрсатмаси бўйича амалга оширилган ҳаракатларини террорчилик ҳаракатларига ҳомийлик қилиш сифатида кўрмоқда». Шу билан бирга, ҳужжатда «ушбу резолюциядаги ҳеч нарса ҳарбий куч ишлатиш ёки АҚШ ҳарбий кучларининг жанговар ҳаракатларга киришишига рухсат берувчи жиҳат сифатида талқин этилмаслиги» белгиланди. Шундан сўнг, Москва АҚШ Конгресси Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олса, Вашингтон билан муносабатларига «жуда салбий» баҳо беришини билдирди. 

Терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритиш Оқ уйга, хусусан, ушбу давлат активларини музлатиб қўйиш, шунингдек, у билан иқтисодий алоқаларни сақлаб турган учинчи давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш имконини беради. АҚШ бу мақомни тўртта давлатга берган: Шимолий Корея, Куба, Эрон ва Сурия. АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг ушбу рўйхатга киритилишини қўллаб-қувватламаяпти. 

Мавзуга оид