Ҳар йили Ўзбекистонда кўп инсонлар қон саратонига чалинади. Сўнгги йилларда ўзбек шифокорлари онкогематологик касалликларни даволашда сезиларли ютуқларга эришганига қарамай, республикада суяк илиги трансплантацияси ҳали ҳам йўлга қўйилмаган ва Ғарб мамлакатларида даволаш стандарти ҳисобланган баъзи замонавий дорилар билан терапия мавжуд эмас. Бугунги кунда Ўзбекистонда қон саратони билан оғриган беморларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани, уларга CОVID-19 қандай таъсир қилгани ва мамлакатимизда онкогематологик касалликлар билан боғлиқ вазиятни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси бош гематологи, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти гематология ва трансфузиология кафедраси мудири Элдор Жасурович Исхаков сўзлаб берди.

 

- Ҳозирги кунда Ўзбекистонда онкогематологик касалликлар билан касалланиш ва ундан ўлим оқибатлари бўйича статистика қандай?

- 2020 йилнинг охирида Ўзбекистонда онкологик профилдаги беморларнинг контингенти 107 196 нафарни ташкил қилди. 2020 йилда диспансер ҳисобида турган беморлар контингентининг асосий ҳажми сут бези (19,5 фоиз), бачадон бўйни (8,5 фоиз), тери (8,1 фоиз), бачадон танаси (4,7 фоиз), тухумдонлар (4,1 фоиз), меъда (4,0 фоиз), бош мия (4,0 фоиз), буйраклар (3,2 фоиз), ноходжкин лимфомаларининг (3,1 фоиз) ёмон сифатли янги ҳосил бўлишлари бўлган пациентлардан шаклланган. Онкологик касалликларнинг тахминан 10 мингта ҳолати ўткир лейкозларнинг 1 000та ҳолатига тўғри келади. Лейкоз билан касалланган 300та пациентлар - болаларни, қолган 700таси эса - катталарни ташкил қилади. Агар онкогематология ҳақида умуман сўз юритадиган бўлсак, ҳар йили тахминан 1500та сурункали лейкози бўлган бирламчи беморлар ва тахминан 1000та ҳолатларда лимфомаси бўлган пациентлар аниқланади.

Ўзбекистонда онкогематологик касалликлар билан касалланганлар ўртасида ўлим ҳолатлари бошқа мамлакатларга қараганда юқорироқдир, чунки бизда суяк илиги трансплантацияси йўлга қўйилмаган. Ўткир лейкози бўлган катталардан 700тасининг камида 30 фоизи соғайиб кетиши мумкин, қолган 70 фоизи эса трансплантация ўтказилишига муҳтождир. Яъни, 30 фоиз пациентлар нисбатан узоқроқ умр кўришлари мумкин, қолган 70 фоизи эса бир неча йиллар мобайнида вафот этади.

Катталардан фарқли лейкози бўлган болаларда яшаб қолиш анча юқорироқдир: ўткир лейкози бўлган 70 фоиз бемор болалар соғайиб кетади, қолганлари трансплантация ўтказилишига муҳтож. Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, унда тахминан 70 фоиз болалар лейкемиядан, ўткир лейкемиядан, хусусан, ўткир димфобласт лейкоздан соғайиб кетиши мумкин. Аммо ўткир лейкознинг кам ҳолларда учрайдиган шакллари ҳам бор, уларни бутун дунё бўйлаб даволаб бўлмайди, масалан, лейкозларнинг Т-лимфобласт, миелоид шакллари. Пациентларнинг ушбу гуруҳидаги ўлим даражаси баланд.