Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқини 204-кунида, 15 сентябр, пайшанба куни Россия қўшинлари қўшни давлатнинг қўлга олинган аҳоли пунктларини назорат остида ушлаб туришга уринишни, Украина Қуролли кучлари (УКК) ва унинг ҳудудий мудофаа бўлинмалари эса тажовузга қаршилик кўрсатишни давом эттирди. Украина жануби ва шарқида Украина кучларининг қарши ҳужуми давом этмоқда. Уришаётган томонлар вакиллари баёнотларини мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ. 

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Россия ҳаво ва ракета зарбалари, шунингдек, ялпи ўт очиш реактив тизимларидан ўққа тутилган Украинанинг 20 дан ортиқ аҳоли пункти, хусусан, Кривий Риг, Никопол, Билогирка, Маринка, Вилхивка, Оскил, Миколаив, Очакив, Любомиривка, Гуляйполе ва Мирне инфратузилмаси зарар кўрган. «Сутка давомида душман Украина ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаролик нишонларига 5 та ракета, 5 та авиация зарбаси берди ва реактив артиллерия тизимларидан 23 марта ўқ узди», — дейилади Бош штабнинг кечки тезкор ҳисоботида.

Украина Бош штаби, шунингдек, «душманнинг Слобожанске йўналишида сезиларли йўқотишлари» ҳақида хабар берди. «Шу тариқа, ҳарбий ҳаракатларда қатнашган оккупацион кучларнинг 2-армия корпусининг 202- ва 204-ўқчи полклари Луганск области вақтинча ишғол қилинган ҳудудига шошилинч равишда олиб чиқилиб, тарқатиб юборилди. Шахсий таркибнинг қолган қисми сафарбарлик резерви бўлинмалари ўртасида тақсимланди. Новоайдар аҳоли пунктида ярадорлар кўплиги сабабли фуқаролик тиббиёт муассасалари, жумладан, болалар шифохонаси зудлик билан ҳарбий госпиталларга айлантирилмоқда», дейилади маълумотда. 

Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россиянинг ҳарбий хизматчилар захирасини маҳкумлар ҳамда давлат корхоналари ва муассасалари ходимлари ҳисобидан, шунингдек, «кўп болали оилалар учун ҳарбий хизматга чақириш бўйича чекловларни бекор қилиш ва миллий асосда тузилган ҳудудий батальонларни мажбуран ташкил этиш орқали» тўлдириш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. 

Айни пайтда, Россия кучлари Кривий Ригнинг муҳим инфратузилмасига иккинчи кундан бери зарба бермоқда. «Яна иккита зарба гидротехника иншоотлари ҳудудига берилди», деб ёзди шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Александр Вилкул Telegram’да. У Россия ҳужумини «террорчилик ҳаракати» деб атади. «Кривбаснинг фақат тинч аҳоли билан боғлиқ муҳим инфратузилмасига қанотли ракеталар билан зарбалар берилди. Йўқотишлар йўқ», - деди у. 

Украина президенти Володимир Зеленский бир кун аввал туғилиб ўсган шаҳрининг ўққа тутилиши, натижада Карачуни сув омбори тўғони бузилгани ва шаҳарнинг муҳим қисми сув остида қолганини изоҳлар экан, Россия ҳарбийларини «тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонлар» деб атади. «Тарихни инсонлар ёзади, инсон бўлмаганлар - ҳеч қачон. Сиз тарихда ким бўлиб қоласиз? Бу ракеталар билан зарба берганлар бўлиб. Бизнинг ерга келганлар сифатида. Нимжонлар. Сиз - тинч аҳолига қарши курашаётган нимжонларсиз. Жанг майдонидан қочиб, узоқдан зарар етказмоқчи бўлаётган қабиҳлар. Сизлар ўз набираларингиз уяладиган террорчилар бўлиб қоласизлар», деди Зеленский Россия ҳарбийларига рус тилида мурожаат қилиб.