08:57 / 20.09.2022
2222

Давлат фуқаролик хизматида мониторинг ўтказиш тартиби эълон қилинди

“Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низом “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун 26-моддасига асосан президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизмати тизимида давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мониторинг ўтказиш тартибини белгилайди.

Мониторинг давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларида ижро этилишини ўрганиш йўли билан ўтказилади.

Режали мониторинг агентлик томонидан тасдиқланган иш режа асосида ўтказилади. Режадан ташқари мониторинг:

  • президент администрацияси топшириқлари;
  • давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари;
  • давлат органи томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотлар натижалари;
  • оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги қонунбузилишлар содир этилаётгани ёки соҳага оид қонунчилик ижроси таъминланмаётгани тўғрисида берилган ахборотлар;
  • давлат органида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилмаслиги;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолатларга асосан ўтказилиши мумкин.

Мониторинг агентлик директори буйруғига асосан ўтказилади. Буйруқда қуйидагилар кўрсатилади: мониторинг мақсади ва вазифалари; мониторинг ўтказиладиган давлат органи номи; мониторинг даври ва давомийлиги; мониторинг ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби; мониторинг режаси.

Мониторинг иловага мувофиқ схема асосида, бир ойгача бўлган муддатда ўтказилади. Мониторинг ўтказиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинганидан сўнг, мониторинг ўтказиладиган давлат органи уч иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиниши лозим.

Ишчи гуруҳига мониторинг ўтказиш учун ҳудуд ва бинога киришга тўсқинлик қилинганда, бу ҳақда ишчи гуруҳ томонидан мониторинг ўтказиладиган давлат органи раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи иштирокида далолатнома тузилади ва улар томонидан имзоланади.

Давлат органи раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи далолатномани имзолашдан бош тортганда, бу ҳақда далолатномага қайд этиб қўйилади. Ишчи гуруҳ раҳбари шу кун ўзида тузилган далолатномани илова қилган ҳолда агентлик директорига билдирги тақдим этади. Агентлик директори икки кунлик муддатда ушбу билдирги асосида мониторинг ўтказишга тўсқинлик қилган давлат органи раҳбарига нисбатан чора кўриш юзасидан президент администрациясига таклиф киритади.

Top