08:58 / 21.09.2022
3865

Олий суд жиноят ишлари бўйича судьясининг ойлик ўртача иш ҳажми 89 та ишни ташкил қилган 

Фото: Shutterstock

“Суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланилишини чекламоқда.

2020 йилда Олий суд томонидан 1 291 та иш кўриб чиқилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7 560 тага етиб (2022 йил биринчи ярмида 3 441 та), Олий судда кўрилган ишлар сони бир неча баробар ошган. Олий судда иш ҳажми кескин ошиб кетиши билан бирга, фуқаролар олис ҳудудлардан ортиқча вақт ва харажат сарфлаб Олий судга келишга мажбур бўлмоқда.

Олий судда иш ҳажми ортиб кетиши натижасида айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилишига ҳамда судьялар иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани айтилган. Таҳлилларга кўра, 2021 йилда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси бир ойлик ўртача иш ҳажми 89 тани ташкил қилган. Шикоятдаги важлар ҳар тарафлама текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайган.

Билдирилишича, амалдаги қонун билан апелляция шикоятини бериш муддати 10 кундан 20 кунга узайтирилиши маҳбусларни тергов ҳибсхоналарида сақлаш билан боғлиқ муаммоларни келтириб, улар сони кескин ортиб, муассасаларда белгиланган меъёридан ортиқ маҳбуслар сақланишига сабаб бўлмоқда.

Апелляция тартибида кўрилмаган ишларни келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқаролар эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Top