Жаҳон | 08:39 / 21.09.2022
13770
7 дақиқада ўқилади

«Қирғизистон бошқаларнинг ерига даъво қилмайди, лекин ўз ерини ҳеч кимга бермайди» — Садир Жапаровнинг БМТдаги чиқиши

Садир Жапаров БМТ Бош ассамблеяси 77-сессиясида чиқиш қилиб, Қирғизистон томони бошқаларнинг ерига даъво қилмаслиги, лекин ҳеч кимга бир қарич ҳам ерини бериб қўймаслигини таъкидлаб ўтди.

Фото: БМТ

Қуйида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг нутқидан парчалар келтирилади.

«Ушбу имкониятдан фойдаланиб, мана шу баланд минбардан туриб, мамлакатимизнинг жанубий сарҳадлари — қирғиз-тожик чегарасида чигаллашган вазият бўйича ҳақиқий ҳолатни жаҳон ҳамжамиятига сўзлаб бермоқчиман.

Аввал тарихга қисқача саёҳат қиламиз.

1991 йилнинг декабрида совет иттифоқи тарқалгач, баҳсли ҳудудлар ва чегара муаммолари пайдо бўлди. Уларнинг айримлари бугунги кунга келиб ҳам тартибга солинмаган.

Агар совет-хитой чегарасининг бутун периметри бўйлаб йигирмадан ортиқ баҳсли ҳудуд бўлган бўлса, Қирғизистоннинг ўзида бундай жойлар бешта эди.

Мен жаҳон ҳамжамиятига Хитой Халқ Республикаси билан чегарадаги тартибга солишлар 1996 йилдаёқ муваффақиятли якунлангани, 1999 йилда Қозоғистон Республикаси билан уч мамлакат бирлашган нуқта масаласи ҳал қилинганини фахр билан эслатмоқчиман.

Биз ҳозир Ўзбекистон Республикаси билан ҳам биргаликдаги ишларимизни амалда тўлиқ якунлаб, Давлат чегараси ҳақидаги шартномани имзолашга тайёргарлик кўрмоқдамиз.

Санаб ўтилган уч қўшни давлат билан чегаралар тинчлик, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик чегараларига айланганини қайд этиш мен учун ёқимли.

Тожикистон Республикаси билан муносабатларга келсак, қуйидагиларни қайд этишни лозим деб топдим.

Бизнинг дўстона халқларимиз азалдан ёнма-ён яшаб келишмоқда. Бизни умумий қадриятлар, маданият, анъаналар ва урф-одатлар бирлаштириб туради, биз битта динга эътиқод қиламиз. Халқларимиз қариндош-уруғчилик ришталари билан боғланиб кетган. Бизнинг афсонавий қаҳрамонимиз бежизга тожик маликаси Каникейга уйланмаган.

Яна шуни эслатиб ўтмоқчиманки, совет иттифоқининг юридик жиҳатдан тугатилиши 1991 йилнинг 21 декабрида Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида рўй берди. Ўшанда 11 та мустақил давлатлар раҳбарлари «Мустақил давлатлар ҳамдўстлигини тузиш ҳақида»ги Алмати декларациясини қабул қилишган.

Декларацияда мустақил давлатлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини тан олади ва ҳурмат қилади, дея белгиланган.

Улар «Чуқур тарихий илдизга эга бўлган дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш халқларнинг азалий манфаатларига мос келади, тинчлик ва хавфсизлик йўлида хизмат қилади», деб ҳисоблашган.

Давлатлар «фуқаролар ўртасидаги тотувлик ва миллатлараро розиликни сақлаш учун масъул»лигини англайди. Бу юридик ҳужжат остида МДҲга аъзо 11 давлат президентлари, жумладан, Тожикистон Республикаси раҳбари ҳам имзо қўйган.

МДҲнинг 1994 йил 15 апрелдаги «Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигига риоя қилиш тўғрисида»ги Москва декларациясида белгиланган мазкур принцип Тожикистон президенти Имомали Раҳмон томонидан ҳам тасдиқланган.

У ўз имзосини қўйиб, мазкур ҳужжатга рози эканини тасдиқлаган. Бироқ ҳозир у ушбу принципдан узоқлашаётгани ниҳоятда таассуфли.

Имомали Раҳмон 1998 йилда Тожикистонда қонли фуқаролар уруши тугагач, Қирғизистон Республикасига ўзининг илк расмий ташрифини амалга оширган.

Кейинроқ Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида икки томонлама давлатлараро шартномалар имзоланди: 1996 йилнинг 12 июлида Давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисида шартнома ва 2004 йилнинг 26 майида Яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тўғрисида шартнома.

Алоҳида қайд этмоқчиманки, ҳар икки шартнома Душанбе шаҳрида имзоланган.

Муҳтарам жаноб раис.

Бизнинг икки давлатларимиз ўртасида чегарага оид масалаларни тартибга солиш борасидаги ишларнинг аввалидан қирғиз томони ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятлар, жумладан икки томонлама шартномаларга мос тарзда ҳаракат қилиб, музокараларни конструктив оҳангда, ўзаро манфаатли ён беришларни таклиф қилиб ҳаракат қилган.

Қайд этмоқчиманки, 2021 йилнинг апрелида Тожикистон қуролли кучларининг ҳудудимизга кенг миқёсли тажовузи рўй берди, натижада 36 нафар фуқаромиз ҳалок бўлди, катта моддий зарар етказилди.

Менинг кейинги қадамим кўпчилик учун ёқимсиз ва (нейтрал ҳудудда учрашишни талаб қилган) Қирғизистон халқининг танқидига сабаб бўлган эса-да, ўтган йилнинг июнида мен Душанбе шаҳрига бориб, президент Имомали Раҳмон билан учрашдим ва ўзаро мақбул ечимлар топишга ҳаракат қилдим.

Халқим учун мен музокараларга нафақат ўтган сафаргидек ўн соат, балки шу муаммони ҳал қилиш учун истаганча вақт сарфлашга тайёрман.

Табиийки, бу ечим ўзаро мақбул бўлиши шарт.

Жорий йилнинг 14, 15 ва 16 сентябр кунлари Қирғизистон жанубида кенг миқёсдаги жанговар тўқнашувлар содир бўлганини эълон қилиш мен учун оғриқли. Илгари эришилган келишувларнинг барчасини бузиб, тожик томони қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига қуролли ҳужум уюштирди.

140 мингга яқин фуқароларимиз чегараолди аҳоли пунктларидан эвакуация қилинди. Уларга керакли ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Шу муносабат билан БМТ тизими, дўстларимиз ва ҳамкорларимизга бирдамлик ва маънавий қўллов учун самимий миннатдорлик билдираман.

Бизнинг фуқаролик ва ҳарбий объектларимиз: уйлар, маъмурий бинолар, мактаблар чегара заставаларига катта моддий зарар етказилган.

Ҳар қандай моддий зарарни тиклаш мумкин.

Лекин ўз жонини ўйламасдан ери учун жанг қилиб ҳалок бўлган жасур ҳимоячиларимиз, ўқлар ёмғири остида вафот этган фуқароларимизни қайтариб бўлмайди.

Биз доим қаҳрамон аскарларимизнинг жасоратини ёдда тутамиз.

Тожикистон томонидан қилинган бу бесабаб қуролли тажовуз бизни янада ранжитади, чунки мамлакатларимиз орасида халқаро шартномалар ва мажбуриятлар имзоланган.

Пакта сунт серванда (Pacta sunt servanda) дейилади лотинча маталда — «Шартномаларга амал қилиниши керак».

Биз тожик ҳамкорларимиз билан музокара жараёнини давом эттиришга тайёрмиз.

Ҳар қандай форматда.

Қўшниларимизнинг ҳуқуққа зид сўнгги ҳаракатлари ортидан бизнинг уларга бўлган ишончимизга путур етган бўлса-да, биз музокараларни ўтказиш ва БМТ, ЕХҲТ ва КХШТда доирасидаги халқаро воситачиликни давом эттиришга тайёрмиз.

Бизда ўтган йиллар давомида тожик томонининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд.

Биз ҳеч қачон биринчи бўлиб бошламаганмиз. Доим қурол ишлатишдан қочганмиз, боз устига, ҳеч қачон қуролсиз фуқароларга қарата ўт очмаганмиз!

Доим биз жавоб беришимизга тўғри келмоқда. Шу муносабат билан қуйидагиларни таъкидламоқчиман: қирғиз томони бошқаларнинг ерига даъво қилмайди, лекин ҳеч кимга бир қарич ҳам ерини бериб қўймайди.

Чегарага оид ва маиший масалалар музокара столларида ечилиши кераклигига аминмиз, биз томонимиздан бунга ирода ва тайёргарлик доим мавжуд.

Бугунги кунда чегараолди ҳудудларида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни қўллаш, маҳаллий аҳоли ўртасида тангликни кучайтиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга чек қўйиш, икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш бугунги куннинг энг муҳим масаласи бўлиб турибди.

Биз чегара участкаларини аниқлаштириш ва музокараларга ҳар доим тайёрмиз».

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид