09:18 / 22.09.2022
2079

Ўзбекистон ва Уммон ўзаро савдо ҳажмини кескин оширишни режалаштирмоқда 

Масқат шаҳрида Ўзбекистон ва Уммон ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Масқат шаҳрида Ўзбекистон ва Уммон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар еттинчи давраси бўлиб ўтди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов ва Уммон ташқи ишлар вазири дипломатик масалалар бўйича ўринбосари шайх Халифа ал-Ҳорисий раҳбарлик қилди.

Маслаҳатлашувларда сиёсий соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди. Ҳамкорлик шартномавий-ҳуқуқий базасини янада кенгайтириш масаласи кун тартибидан ўрин эгаллади.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бугунги ҳолатини баҳолаш ва истиқболларини белгилаш музокаралар асосий мавзуси бўлди. Бу борада ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини кескин ошириш ҳамда инвестицион ҳамкорликни жадаллаштириш ва таркибини тубдан диверсификация қилиш чоралари ҳақида фикр алмашилди.

Top