Жамият | 08:09 / 25.09.2022
14669
2 дақиқада ўқилади

Тошкент, Самарқанд ва Андижонда ноқонуний «валютчик»лар ушланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Андижон вилоятларида чет эл валюталарининг ноқонуний муомала киритилиши олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Яшнобод туманида «Авиасозлар» бозори атрофида валюта қимматликлари савдоси билан шуғулланиб келган Ш.А. фуқаро Д.га 6 400 долларни 70,9 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ҳам Миллий Гвардия ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Натижада Мироншоҳ кўчасида хорижий валюта маблағларини айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ф.Й. фуқаро Ғ.га 3 300 долларни 36,5 млн сўмга сотган вақтида ушланган. Унинг ёнидан жами 3 940 доллар, 37,5 миллион сўм ва 3 000 рубль ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Андижон шаҳар бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда марказий деҳқон бозори атрофида валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқаролар Қ.Ш. ва Қ.Н. фуқаро Г.га жами 200 минг рублни 36,4 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, суриштирув шаклидаги тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.