16:00 / 26.09.2022
10650

Андижон педагогика институти тажрибаси: талабалар учун ётоқхона ёнида ишлаб чиқариш корхонаси

Андижон давлат педагогика институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида янги ташкил этилган бўлиб, 2021-2022 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлади.

Кундузги бакалавр таълим босқичида 2744 нафар талаба-ёшлар таҳсил олаётган институтда талабалар турар жойи масаласи юз фоиз ижобий ҳал этилгани эътиборга молик.   

Мавжуд 2 та ётоқхона 1271 ўринга мўлжалланган бўлиб, шу кунга қадар республикамизнинг узоқ вилоятлари ва Андижоннинг чекка туманларидан келиб таълим олаётган 1171 нафар талаба турар жой билан таъминланди.  

Талабаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, хотин-қизларни касб ҳунарга ўргатиш мақсадида дўппидўзлик, косметология, пазандалик тўгараклари, инглиз, рус тилларини ўргатишга мослашган ўқув курслари йўлга қўйилган.

2023 йилда 400 ўринли 1 та, 2025 йилда худди шунча ўринга эга давлат-хусусий шерикчилик асосида талабалар турар жойлари қурилиши белгиланган.   

Талабалар турар жойи ҳудудида Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан «Талабалар» тикувчилик корхонаси ишга туширилди. Корхонада ҳозирда дарсдан бўш вақтда ишлаш иштиёқи бўлган 120 нафар талаба-қизлар бандлигини таъминланмоқда.

Ҳар бир қаватда маиший хоналар, ювиниш хоналари, маънавият хоналари ҳамда WIFI мавжуд.

“Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан олий таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бизнинг Андижон давлат педагогика институтининг фаолият бошлаши ҳам бунга бир мисолдир. Талабалар сони ошиши ўз-ўзидан уларнинг ётоқхоналарга бўлган талабини оширди.

Айни пайтда бизнинг институтда ётоқхона бўйича муаммо йўқ. Муассасамизда 2744 нафар талаба кундузги таълимда таҳсил олаётган бўлса, улардан 934 нафари бошқа вилоятлардан келади. Биз биринчи навбатда мана шу талабалар, айниқса қизларни ётоқхона билан таъминладик.  

Яна бир жиҳат, биз ёшларимизнинг вақтини фойдали иш билан банд қилган ҳолда ўтказишни йўлга қўйганмиз. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан “Талабалар шаҳарчаси”да “Ҳарир тола” корхонаси билан ҳамкорликда “Талабалар” тикув цехини  ишга туширдик. Ҳозир бу ерда 120 нафар қизларимиз ҳунар ўрганиб, даромад топишмоқда.

Талабаларнинг овқатланишини йўлга қўйишда маҳаллий ҳокимият билан биргаликда ўзига хос лойиҳа яратдик. Ҳудуддаги 350 ўринли ошхонада “Даладан-дастурхонга” лойиҳаси асосида деҳқон фермерлар томонидан етиштирилган ҳосилни тўғри етказиб келиб арзон нархдаги сифатли таомлар пиширилмоқда. Нархи талабаларга оғирлик қилмайди. Нонушта нархи 8 минг сўм, тушлик 12 минг сўм, кечки овқат 10 минггача бўлган нархларда тайёрланади”, — дейди институт ректори Бахтиёржон Расулов.

Биз талабалар турар жойидаги  ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишдик.

Андижон давлат педагогика институти Ⓣ

Top