15:41 / 26.09.2022
17261

Тил ўрганган жиззахлик педагоглар нега сарсон қилинмоқда: уларнинг сертификати ҳақиқийми ёки сохта?

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги хусусий ўқув марказига босим ўтказмоқда. Бунинг оқибатида жиззахлик 17 нафар ўқитувчи асоссиз ишдан бўшатиляпти. Ҳануз ҳолатга ойдинлик кирита оладиган бирор масъул топилгани йўқ.

Муаммо нимада?

2020 йилда пойтахтимизда «TESOL Asia» МЧЖ Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг тасдиқномаси билан ишга туширилган. Бу марказ ўқувчи ва ўқитувчилар учун дарслар ташкил қилиб, халқаро сертификатларни олишда ёрдам беради. Булар орасида TESOL/TESL/TEFL сертификатлари ҳам бор. 

TESOL/TESL/TEFL сертификатлари турли хил мамлакатларда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаш ҳуқуқини, яъни инглизча она тили бўлмаган ўқувчиларга дарс бериш имкониятини тақдим қилади. Айрим давлатларда педагог бўлиб ишлаш учун университетни тамомлаб бакалавр даражасидаги дипломга эга бўлиш шарт эмас. TESOL, TESL ва TEFL билан ҳам дарс бериш мумкин. 

2021 йил Президентнинг тегишли қарори билан таълим муассасаларининг камида C1 даражасидаги миллий сертификат ёки унга тенглаштирилган халқаро даражадаги сертификатга эга ўқитувчиларга ойлик маошининг 50 фоизида устама ҳақи тўлаб борилиши, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сонли қарори билан 2022-2023 ўқув йилигача давлат ОТМдаги чет тили ўқитувчиларида юқорида қайд этилган сертификатлар бўлиши ҳам белгиланди. Қайси сертификатлар учун устама ҳақи берилиши бўйича тегишли ташкилотларнинг қўшма қарори тасдиқланган ва унда TESOL, TESL, TEFL ҳам бор. 

Устама ҳақини олиш учун меҳнат қилган ўқитувчилар босимга учради 

Гап шундаки, Жиззах давлат педагогика университетининг 17 нафар ўқитувчиси 5 ой давомида «TESOL Asia» номли ўқув марказида университетдаги дарс соатларидан ташқари, офлайн тарзда ўқиб, TESOL ва TEFL сертификатларини олишган. Аммо ўқитувчилар рағбатлантирилиш ўрнига турли босимларга учрашмоқда.

Таъкидланишича, бошида ўқитувчиларга университет раҳбарияти томонидан устама ҳақи тўлаб берилган, лекин кўп ўтмай бу тартиб бекор қилиниши айтилган:

«Университет раҳбарияти билан бўлган йиғилишда билсак, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Жиззах вилоятидаги ҳудудий вакили Отабек Жуманов келиб, олган сертификатларимиз қалбаки эканлигини айтди. Аммо бунга ҳеч қандай асос кўрсатилгани йўқ.

Бундан ташқари, Отабек Жуманов бизнинг дарслар онлайн ўтилганини айтган, аммо дарсларимиз онлайн ўтмади, офлайн дарслардан кейин вазифаларни ҳам топширдик. Бизга онлайн дарсларда қатнашиб олинган сертификатлар ўтмайди, деб юборган нотўғри хати туфайли ташкилотимиз сертификатларни тан олмаймиз деб турибди», — деди шахсини очиқлашни истамаган Жиззах ДПУ ўқитувчиси.

Ўқитувчилар ноҳақ ишдан бўшатилмоқда

Қайд этилишича, бундан аввал ўқитувчиларга агарда TESOL сертификатларини олишмаса улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши бўйича огоҳлантириш хати берилган. Унда Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 312-сонли қароридаги 9-банднинг 2-3-қисмлари асос қилиб олинган. Аммо бу сертификатларни олиш мажбурий эмаслиги ва бирор ҳужжатда шу сертификатни олмаганлар ишдан бўшатилсин деган қисмлар йўқлигини ҳисобга олсак, бу ерда бирор тайинли асосни кўрмаяпмиз.

Ҳолат юзасидан биз Жиззах давлат педагогика университети ахборот хизмати билан боғландик. Улар Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг юборган жавоб хатларига таяниб шундай қарор қабул қилинганини айтишмоқда.

Агентлик ўқув марказига тазйиқ ўтказмоқда

Шу ўқитувчиларни ўқитган ўқув маркази раҳбари Наргиза Хушбоқованинг маълум қилишича, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги «TESOL Asia»ни ўзига рақобатчи сифатида кўрмоқда ва шу сабабли уларнинг сертификатлари қалбакига, марказ раҳбари эса фирибгарга чиқарилмоқда. Шунингдек, агентликнинг ўзи Cambridge Assesmentning TKT, Linguaskill сертификатларини бергани учун ўқитувчиларни ҳам шу сертификатларни олишга чорламоқда.

Наргиза Хушбоқова «TESOL Asia» МЧЖ раҳбари

«Буюк Британияда OFQUAL (The Office of Qualifications and Examinations Regulation – Буюк Британияда малака сертификатларининг имтиҳонларини тартибга солувчи ташкилот ҳисобланади)дан рўйхатдан ўтган ташкилотлар тасдиқлаш ва аккредитация бериш ҳуқуқига эга.

British council, Cambridge Assesment, Trinity college London ҳам OFQUAL’дан рўйхатдан ўтгани учун аккредитация бериш ҳуқуқига эга. OFQUAL’нинг қайси малака курслари тасдиқлангани бўйича рўйхати ҳам бор. Булар қаторида TQUK, Gateway Qualifications Limited, Focus Awards Limited, Highfield Qualifications каби курслар бор.

Буларнинг ҳаммаси OFQUAL’дан рўйхатдан ўтган курслар бўлгани учун бутун дунёда тан олинади. Бизнинг сертификатларимизни Training Qualifications UK (TQUK) беради, биз бўлса унинг провайдерлари LTTC (London teacher training college) Буюк Британия ва Швейцарияда рўйхатдан ўтган ташкилот билан бирга ишлаймиз. Улар асосан бизнинг курсларни текшириш билан шуғулланишади. Ўқув машғулотлари эса бизнинг марказда бўлади. 

2021 йилда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил топди, шундан кейин бир неча ой ўтиб уларнинг фаолиятимизга нисбатан қарама-қаршиликлари сезила бошланди.

Агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов томонидан жуда ҳам кўплаб қаршиликлар бўляпти. Биз қонуний ишлаётган бўлсак, шартнома асосида банкдан тўлов қилдирган бўлсак, қандай қилиб шунча катта ташкилотни бундай айблаш мумкин. Ваҳоланки, сертификатларимизнинг QR кодлари ҳам бор. Текширишни билмаган одам QR код орқали сертификат ҳақиқий эканлигини аниқлаши мумкин.

Ўқитувчиларга очиқдан очиқ TESOL/TEFL ёки CELTA каби курслардан кўра, тест топширишни ва бу курслар анча арзон, қулай эканлигини айтишмоқда. Ваҳоланки, тестларга ҳам ўқитувчилар пулини, ойлаб вақтини сарфлайди, лекин охирида кутилган натижа бўлмаслиги мумкин. Бизга фақат сертификати бор ўқитувчилар эмас, яхши дарс бера оладиган, таълим сифатини оширадиган ўқитувчилар керак. Малака курслари қандай ўқитишни, янги технологиялардан фойдаланишни, уни амалиётда қўллашни ўргатади. Бунинг натижасида ўқитувчининг дарсида ўзгаришлар бўлиши мумкин», – дейди Наргиза Хушбоқова. 

Масъул ташкилотлар қўлини чўнтагига тиқиб олгандек

Бу муаммолар юзасидан тадбиркор кўплаб ташкилотларга мурожаат қилган. Хусусан, улар орасида Олий ва ўрта махсус, Адлия вазирликлари, бизнес омбудсман ва яна қатор ташкилотлар мавжуд.

Олий таълим ва Адлия вазирликлари ўзининг жавоб хатларида таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларига тўғридан тўғри (анъанавий) шаклда ўқиб олинган миллий ёки унга мос даражадаги TESOL ҳамда TEFL халқаро сертификатлар учун устама ҳақи берилиши мақсадга мувофиқлигини айтган.

Қолган ташкилотлар эса Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг сўз ўйини билан бойитилган жавоб хатларини нусхалаштириб, мурожаат қилаётганларга юборган.

Мутахассислар йўқлиги сабаб одамлар алданяпти

Наргиза Хушбоқовага кўра, одамларнинг алданишига мутахассислар йўқлиги сабаб бўляпти:

«TESOL/TEFL дастурлари Ўзбекистонга яқинда кириб келган соҳа бўлгани, қолаверса, буни текширувчи мутахассислар бўлмагани учун Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги халқни, юқори давлат ташкилотидаги шахсларни адаштирмоқда. Яъни уларга марказимиз ҳақида нотўғри маълумотлар бериб келинмоқда.

Мана шу олган хат жавобларидан кейин август ойининг ўрталарида Британиядан Ўзбекистонга келдим ва шу ишлар билан шуғулланишни бошладим. Вазирлар Маҳкамасига бўлган ишлардан норози бўлиб бордим. Берилган жавобларнинг қаерида, қайси пунктларида нотўғри, ёлғон жавоблар бўлганини кўрсатиб, тушунтирдим ва қайта кўриб чиқишларини сўрадим.

Бундан кейин бизнес омбудсманга ҳам жавоб хатидан норози бўлиб, уларга ҳам тушунтирдим. Улар эса айнан шу соҳа бўйича мутахассислар бўлмагани сабабли Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигига ишонганликларини айтди.

Мана шу бир йиллик курашлар ичида соғлигимни йўқотиб, меҳнатим қадрланмаётганлигини билдим. Бу ҳолатлардан жудаям чарчадим.

Давлат ташкилотларининг ҳаммасига мурожаат қилдим, аммо агентликнинг хатини олиб ҳаммаси бир хил жавобни беришмоқда. Бу билан қандай ўзгариш бўлади. Ким ёрдам беради? Ҳозир мен ўзим ҳақимда гапиряпман, мендан бошқа яна қанча ёшлар, мутахассислар чет элда қолиб кетяпти. Бундай қаршиликлар давом этаверса, мен ҳам Буюк Британияда қолиб кетаман деб ўйлайман», — деди Наргиза Хушбоқова.

Агентлик вакили сертификатларнинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлади

Мурожаат юзасидан Kun.uz Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов билан суҳбатлашди.

Азимжон Ҳусанов Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари / Фото: KUN.UZ

«OFQUAL бўйича бизда умуман эътироз йўқ, эътирозимиз OFQUAL биринчи, TQUK иккинчи ва LTTC учинчи ташкилот бўлганидир. Муаммо ана шу ерда. Булар онлайн таълим берувчи, мавзеси аниқ бўлмаган, Англияда фақат онлайн таълим берувчи ташкилот ҳисобланади. Қонунчилик бўйича Ўзбекистонда онлайн олинган сертификатлар тан олинмайди», — дейди Азимжон Ҳусанов.

Мана шу ерга келганда расмий вакилнинг сўз ўйини бошланади. Унинг айтишича, OFQUAL’дан рўйхатдан ўтган ҳамма ташкилотлар аккредитация бериш ҳуқуқига эга, аммо улар берган сертификатларни тан олиш ёки олмаслик иш берувчининг иши. Қандай қилиб расман тан олинган сертификатларни иш берувчи тан олмаслиги мумкин? Бунга тушунмадик.

Бунинг устига Азимжон Ҳусанов ўқув марказининг сертификатлари қалбаки эмаслигини ҳам айтди: 

«Биз уларни «FAKE» демаяпмиз, сертификатнинг QR коди бўлса, оригинал дегани тўғри, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам Ўзбекистонда ўтади дегани эмас. Бу нарса ўқитувчиларимизга ўтади деб ўтказилган.

Нима учун бизга устама ҳақи берилмаяпти деб сўрашади. Агар менинг ҳуқуқларим бузилди, ўтмайдиган сертификатни реcлама қилишди дейишганда, бу бошқа гап бўларди. Биз уларни тегишли ташкилотларга йўналтирар эдик. Келган саволларнинг ортиқчасига жавоб беролмаймиз. Сизни алдаб қўйишибди, келинг, сизга адвокат ёллайман, юрист ёллайман, юринг, бориб прокуратурага берамиз, йўқ, бу – бу бизнинг мақсадимиз эмас. Биз фақат тадбиркорлик субъектини ҳимоя қилдик».

Айни шу нуқтада агентлик ёлғон гапираётган бўлиши мумкин. Манбалар тақдим этган бир аудиода икки нафар ўқитувчи Азимжон Ҳусанов билан нима учун устама ҳақи олмаётгани тўғрисида суҳбатлашишган. Унда Азимжон Ҳусанов ўқитувчиларга «TESOL Asia»ни судга бериш таклифини берган.

Шунингдек, агентлик вакилининг айтишича, Ўзбекистон бўйича TESOL сертификатини берадиган расмий рўйхатлардан ўтган ташкилот (Вебстер ва Wестминстер университетларидан ташқари) мавжуд эмас. Бу борада ҳеч ким сертификатларни ўтмайди дейишга ҳам ҳаққи йўқ.

“Ҳозирда Олий таълим ва Халқ таълими вазирлигининг махсус гуруҳи йиғилган бўлиб, TESOL/TESL/TEFL сертификатларининг стандарти ишлаб чиқилмоқда. Америкада шу сертификат қабул қилиниши учун нималар керак? Қайси ташкилотлариники тан олинади? Худди шуларни белгилаш арафасидамиз. Яъни биз B2 сертификатини TESOL билан бирга стол устига қўйиш талабини қўймоқдамиз”, – дейди агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов.

Умуман олганда, агентлик директори ўринбосари билан суҳбатимиз анча соатларгача давом этди. Аммо «TESOL Asia»нинг фирибгар эканлиги ва унинг сертификатлари қалбакилигини исботловчи бирор далил ёки исботни сезмадик. Олган маълумотимиз, сертификатлар университет ва мактаблар томонидан тан олинмаётгани ва уларнинг QR коди бўлса ҳақиқий эканлиги бўлмоқда. Унда гап нимада? Нега Жиззах давлат педагогика университетининг 17 нафар ўқитувчисига дарс соатлари берилмаяпти?

Масалани тегишли масъуллар ўрганиб кўриши ҳамда бу ўйинлар сабаб ишсиз қолаётган ўқитувчиларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилиниши зарур.

Top