Ўзбекистон | 14:59 / 27.09.2022
3337
2 дақиқада ўқилади

Тошкент тиббиёт академиясида “Талабаликка бағишлов - 2022” тадбири ўтказилди

Тошкент тиббиёт академиясида 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

26 сентябр куни пойтахтдаги Киночилар  саройида Тошкент тиббиёт академияси 1-курс талабаларининг “Талабаликка бағишлов - 2022” тадбири  бўлиб ўтди. Мазкур тадбир 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилди. Бугунги тадбир олдидан талабалар учун махсус кўргазма ташкил этилди.

Академия ректори Алишер Шодмонов томонидан очиб берилган байрам тадбирида барча фахрий профессор-ўқитувчилар иштирок этишди. Тадбирда кўп йиллардан бери самарали фаолият юритиб келаётган устоз-мураббийлар муносиб тақдирланишди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

 “Бизнинг академия нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёдаги тиббиёт олийгоҳлари орасида етакчи ҳисобланади. Чунки бошқа барча тиббиёт ўқув таълим муассасаларининг илдизи Тошкент тиббиёт академиясига бориб тақалади. Бу улуғ даргоҳда юзлаб улуғ устозлар ўз билимларини талабаларга сингдириб, халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилишган. Бугун талабаларга ҳам шу йўлни давом эттиришларини тилаймиз”,- деди Тошкент тиббиёт академияси профессори Абдуғаффор Гадоев.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Тошкент тиббиёт академияси 1919 йилда Тошкент тиббиёт институти сифатида Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё университетининг тиббий факультети негизида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасидаги етакчи тиббиёт таълим муассасаси бўлган Тошкент тиббиёт академияси юртимиздаги энг яхши тиббиёт ОТМ рейтинги бўйича 1-ўринни, Ўзбекистоннинг барча ОТМ орасида 6-ўринни эгаллайди. Бу йил академия талабалари сафи 2300 нафарга кенгайди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

 Айни пайтда академияда даволаш, тиббий педагогика, тиббий-профилактика, тиббий-биология, ҳарбий-тиббий ва олий ҳамширалик иши бўйича факультетлар ташкил этилган бўлиб, уларда 5000дан ортиқ талабалар таҳсил олишади.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Магистрларга таълим бериш 49та, тор доирадаги мутахассис шифокорларни тайёрлаш эса клиник ординатуранинг 38та йўналишида амалга оширилади.

Мавзуга оид