ОПЕК+ давлатлари 5 октябр куни нефт қазиб олиш ҳажмини кунига 2 миллион баррелга камайтиришга келишиб олишди. Оқибатда бозорда «қора олтин» нархи кўтарилиб, 1 баррел учун 93 долларгача чиқиб кетди. «Медуза» бу қарор Россия иқтисодини қутқариб қоладими, деган саволга жавоб олиш учун Энергетика ва молия институти директори Марсел Салихов билан суҳбатлашди.
– Айтинг-чи, ОПЕК+ давлатларининг ушбу қарори нимани англатади?
– Мен бу [АҚШ ва Европа Иттифоқига] йўлланган сигнал деб ўйлайман. Март ойидаёқ Украинадаги воқеалар сабаб нефт нархи кескин кўтарилишни бошлади ва АҚШ нархни тушириш учун федерал захирасидан кунига қўшимча 1 миллион баррелни бозорга олиб чиқишга қарор қилди.
Охирги ойларда нарх 120 доллардан 80 долларгача тушиб кетганида ОПЕК давлатлари нархни кўтариш учун АҚШдан бозорга қўшимча нефт чиқаришни тўхтатишни сўрашди. Аммо АҚШ бундай қилмади: бензин нархи ошаётгани, яқинлашиб келаётган сайловлар баҳона қилинди. Яъни АҚШ администрацияси учун доим нарх ошишига қарши курашаётгандек кўриниш муҳим ҳисобланади. ОПЕКнинг аксар давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони АҚШнинг бу ҳаракатини нодўстона деб топди.
Яна бир омил – Россия нефтига чегараланган максимал нарх белгиланиши мумкинлиги ҳақидаги гаплардир. ОПЕК давлатлари эса бу борада Россияни қўлласа керак, чунки нархни чеклаш бир кун келиб ОПЕКнинг ўзига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини тушуниб туришибди. Айтайлик, бугун бундан Россия жабр кўрмоқда, бир неча йилдан кейин эса бирор нодемократик ҳаракати учун Саудия ҳам зарар кўриши мумкин.
Шундай экан, бу масалада ОПЕК давлатлари Россияни қўллаши эҳтимоли юқори, чунки улар учун сиёсий ҳолат, Украина бўйича позиция қизиқ эмас. Хуллас, улар «Сиз нархга чеклов қўяверинг, биз ҳам сиёсатингизни қийинлаштирадиган чора-тадбирлар кўришни биламиз», қабилида йўл тутишмоқда.
– Қазиб олишни кунига 2 миллион баррелга камайтириш келишуви қанчалик ишонарли?
– Биласизми, ОПЕК+ давлатлари ҳозир шундоғам кунига максимал квотадан 3,6 миллион баррел нефтни камроқ қазиб олишмоқда. Кўп давлатлар максимал имкониятларидан камроқ газ қазиб олмоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон, Нигерия, Венесуэла. Саудия Арабистони қазиб олишни камайтирадими-йўқми – асосий гап шунда. Агар Саудия ҳам қазиб олишни қисқартирса, бозор ОПЕК+ келишуви ниманидир ҳал қилишига ишонади. Ахир ОПЕК+ учрашувидан аввал ҳам қазиб олиш камайиши ҳақидаги миш-мишлар фонида нарх ошишга улгурди.















