Дўкон сотувчилари бунга сабаб қилиб дўконга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қадоқланган сут маҳсулоти етказилмаётгани, чунки сут базанинг ўзида ҳам қолмаганини кўрсатишмоқда.

«Сут йўқ. Бугуннинг ўзида элликдан ошиқ одам шу маҳсулотни сўраб киришди. Тарқатиладиган жойида йўқ, олиб келишмаяпти. Кеча ҳам бор эди, одамлар бир олганда икки-учтадан харид қилишди. Сут нега йўқ десак, ўт йўқ, ем қиммат, моллар тоғга қочиб кетди, дейди ҳар доим сут олиб келадиган воситачи йигит», — дея ярим ҳазил, ярим чин жавоб берди Юнусобод 11-мавзеда савдо қиладиган дўкондорлардан бири.

Korzinka.uz ва Makro сингари катта савдо марказларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сутлар киши бошига иккита баъзи жойларда тўрттадан ортиқ сотилмаяпти.

Бугун, 6 октябрь ҳолатига кўра, расталардан шу сутлар ҳам йўқолди. Юнусобод Megaplanet савдо мажмуасида жойлашган Макро ритейлери сут растасида фақатгина Россия ва Литвадан импорт қилинган сутларни кўриш мумкин. Уларнинг нархини эса оддий аҳоли чўнтаги кўтармайди. Мисол учун, Россиянинг «Простоквашино» номи остида қадоқланган ёғлилиги 1,5 фоизли сутлар 24 590 сўм, 2,5 фоизлиги 27 590 сўм ва 3,2 фоизлиги 29 990 сўмдан савдога чиқарилган.

 

Нархлар маҳсулот тақчиллиги вужудга келгани сабаб кескин ошганини кўриш мумкин. Чунки айнан «Простоквашино» сутининг 3,2 фоизлиги август ойида мазкур супермаркетда 14 490 сўмдан сотилган.

«Лактел», «Мусаффо» сингари ўзимизда ишлаб чиқариладиган сут келмаяпти. Ишлаб чиқарувчилар харидорлар сонига ҳисоблаб одам бошига тўрттадан ортиқ беришмаяпти», — дейди Корзинка супермаркети ходими.

Ижтимоий тармоқларда сут нархи ошиши ва расталардан йўқолиб қолишининг асосий сабаби сифатида ҳозирда сотувлар бўйича дунёдаги энг йирик озиқ-овқат қадоқлаш ишлаб чиқарувчиси Тетра Пакнинг Россия бозорларидан кетгани кўрсатилмоқда.