15:26 / 10.10.2022
13038

Ер остидаги масъулиятли касб: метро бекати навбатчиси аслида ким?

Дунёда биз билмайдиган касблар кўп. Масалан, метрополитенда шундай касб эгалари борки, одатда биз уларга эътибор қаратмаймиз. Эътибор қаратсак ҳам уларнинг асл вазифаси нимадан иборатлигини билмаймиз. Бу — бекат навбатчиси.

Баъзида шундай ҳолатлар бўладики, йўловчиларнинг хавфсизлиги айнан шу ходимларнинг тезкор ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолади. Kun.uz қарийб 10 йилдан бери бекат навбатчиси бўлиб ишлаётган Саодат Усмоналиева билан суҳбатлашди.

Саодат Усмоналиева «Тинчлик» метро станциясининг доимий бекат навбатчиларидан бўлиб, у 1978 йилда, Тошкентда туғилган. Қаҳрамонимиз дастлаб Тошкент метрополитенига қандай келиб қолгани, аввал ҳаво йўлларида ишлашни орзу қилгани ҳақида гапириб берди.

«Ёшлигимдан стюардесса бўлишни орзу қилган эдим»

Бир куни қизим «ойи, болалигингизда ким бўлишни истагансиз», деб сўраб қолди. Ўзи ёшлигимдан стюардесса бўлишни орзу қилганман. Энди бу йўлда биргина менинг хоҳишим камлик қилган бўлса керак, стюардесса бўлолмадим. Ота-онам ҳам ҳақиқий ўзбекона тарбия эгалари эди, балки бу касбни қабул қилишолмагандир, деб ўйлайман. Бундай вақтда ота-она ёнингизда бўлиши керак-да.

Шу билан орада турмушга чиқиб кетдим, фарзандларим катта бўлишди. Уйда бекор ўтирган вақтларим эди. Халқлар дўстлиги томонда айланиб юрганимда, ўша ерда метрополитенга ишга оладиган жойи бор эди. Шу жойга иш сўраб бордим. Фақат фаррошликка қабул қилишларини айтишди, хафа бўлиб, киришга рози бўлдим барибир. Иш сменага ажратилгани, бир кун ишлаб, икки кун уйда бўлганим учун жуда ёқди. Шундай қилиб, ишга ҳам кириб кетдим.

Озгина муддат ишлаганимдан кейин метрополитеннинг тех мактабида ўқишга таклиф қилиб қолишган. Бу мактаб айнан навбатчи ходимларни ўқитади. Шу билан суҳбатга таклиф қилиндим, суҳбатдан ўтиб, маълум муддат ўқидик ва 2013 йилдан бери шу ерда бекат навбатчиси бўлиб ишлаб келяпман.

Севимли, аммо масъулиятли касб

Касбим стюардесса бўлиш орзусига яқинлиги учун ўзимга жуда ёқади. Формаларда, йўловчилар билан ишлаш қийинчилик туғдирмайди, фарзандларимга бемалол вақт ажрата оламан, ишим жуда қулай. Кунига 12 соат, бир ойда 15 кун ё кундузи, ё кечаси ишлаймиз. Орада 2 кун уйда дам оламан.

Метрополитенда ҳар бир бекатнинг бошлиқлари бўлади, навбатчи ходимлар шу бошлиқларнинг ўринбосари ҳисобланади. Бошлиқларнинг вазифаларига қараб, барча масъулиятни елкамизга олганмиз. Шу ердаги ҳамма нарсаларга биз жавоб берамиз. Кассанинг, фаррошларнинг — умуман, ҳамманинг ишини биз назорат қилиб, бу ердаги ҳаракатнинг узлуксизлигини таъминлашимиз керак.

Тўсатдан қандайдир ҳодиса рўй бериши, йўловчининг мазаси бўлмай қолиши мумкин. Шундай вақтда биз уларга тез тиббий ёрдам кўрсатишни, хизмат ходимларини чақиришни ҳам билишимиз керак.

«Ой, ты моя красавица» деб конфетлар бериб кетади

Бошқаларнинг кайфияти ўзимга таъсир қилишига йўл қўймайман. Аксинча, ўзимники бошқаларга, айниқса, йўловчиларга таъсир қилиши учун ҳаракат қиламан. Поездларимиз кечга қолиши ёки йўловчи энди тушган пайтда поезд кетиб қолиши мумкин — турли хил вазиятлар бўлади. Поездларнинг интервали бор, йўловчиларнинг кўпчилиги эса буни билишмайди ва жаҳли чиқиб кетаверади. Шунда олдиларига бориб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиламиз, орада ҳазиллашиб, уларнинг кайфиятини кўтариб оламан. Бу жараён менда яхши чиқади.

Ҳар доим ёши катта, рус миллатига мансуб, ажойиб шляпалар кийиб юрадиган бир аёл бор, шу бекатдан ўтади, «Ой, ты моя красавица» деб конфетлар бериб кетади. Мен неча йилдан бери шу ерда ишласам, доим шундай кайфиятда ўтадилар. Кейин яна бир нечта раҳмат айтадиган йўловчиларимиз ҳам бор, уларни эшитаверган сари, ишга келгим келаверади.

Платформада ўзимни подиумда юргандек ҳис қиламан

Фикримча, агар инсон касбини ёқтирмаса, қандай шароитда ишласа ҳам чарчайверади. Агар ўз касбига меҳр қўйиб ёқтирса, чарчагани ҳам билинмайди. Албатта, жисмоний чарчоқлар битта ухлаб турганингизда ўтиб кетади, касбни ёқтирмаслик эса руҳан чарчоққа сабаб бўлади. Руҳан чарчаш эса жуда ёмон нарса. Ундан чиқиб кетиш жуда қийин. Ҳаммага бир маслаҳатни берардим, яхши кўрган ишларини қилишсин, шунда чарчашмайди.

Масалан, мен учун йўловчилар билан ишлаш, стюардесса бўлишни хоҳлаганим сабабли платформада формада юриш ёқади. Платформада юрсам, ўзимни подиумда юргандек ҳис қиламан.

Поезд йўлига одам тушиб кетса, бекат навбатчиси нима қилади?

Иш бор жойда, камчиликлар албатта бўлади. Камчилик бўлмаса, демак, иш кўнгилдагидек бўлмаяпти. Метрода поездларнинг тўхтаб қолиши техник сабаблар туфайли юзага келади. Бу – барибир техника, турли носозликлар бўлиши тайин, албатта. Бу каби ҳолатларни ходимларимиз тезда бартараф этишади.

Одамларнинг поезд тагига тушиб кетиши, энди бу — бошқа масала. Фикримча, руҳан соғлом одам ундай ишни қилмайди. Ҳа, тажрибамизда бундай воқеалар бўлган. Бир марта бир йўловчи ўзини жуда ғалати тутган, қарасам кўзлари олазарак, хотиржам эмас. Поездлар ўтса ҳам чиқмаяпти. Бундай вақтда биз одатда ички ишлар ходимларига мурожаат қиламиз, улар ўша инсон билан гаплашиб, аслида унда нима ҳолат бўлаётганини сўрашади.

Агарда поезд йўлига йўловчи тушиб кетса, биринчи бўлиб диспетчерга релслардаги электр токини ўчириш хабарини берамиз. Ток ўчганидан кейин, махсус нимча (жилетка)ни кийиб, ички ишлар ходими билан пастга тушамиз ва йўловчини олиб чиқамиз. Бу жараёнда милиция ходими жалб қилинади, барибир. Агарда поезд интервали кам бўлса, фуқарога кириб кутадиган жойини тушунтирамиз. Унгача, албатта, поездни тўхтатамиз. Мана шу жараёндаги барча ишларни бекат навбатчиси бажаради. Шунинг учун кўп нарсалар бизга боғлиқ.

Одатда навбатчи ходим ва машинист ўртасидаги мулоқотлар махсус сигналлар орқали кечади. Тўхтатиш, эшикни очиб-ёпиш, секинроқ юр, ўтиб кет каби гапларнинг маъносини берадиган сигналларимиз бор. Шунинг учун қўлимиздаги махсус мослама доим биз билан бирга бўлиши керак. 

Йўловчиларга мурожаат

Бир нарсани тан олиш керак, Тошкент метрополитенининг архитектураси ва интерьери жуда чиройли. Санитар ҳолати ҳам яхши. Аммо шундай йўловчиларимиз бор, шуни асраш ўрнига, турли чиқиндиларни олиб киришади. Метро чиқинди ташлайдиган жой эмас-ку! Ёки ўзингиз ўйлаб кўринг, метро бекатларидаги ҳар бир устуннинг ёнига ахлат идишларини қўйиб чиқсак, хунук кўринмайдими? Йўловчилар кириб-чиқишининг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор, эшикдан кираверишда ҳаммаси ёзилган. Йўловчилардан мана шуларга амал қилишларини сўраган бўлардим.

Мавзуга оид
Top