Ўзбекистон | 11:23 / 17.10.2022
4945
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ОТМ ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари бўйича қарор қабул қилиши кутиляпти

Фото: Kun.uz

“Олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

  • олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларини жойлаштириш ва ўқув хоналарини таълим дастурларида қайд этилган фанлар бўйича жиҳозлаш тасарруфида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга юклатилади;
  • Мудофаа вазирлиги олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларини қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник анжомлар билан таъминлайди;
  • олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари контракт бўйича ҳарбий хизматчиларини белгиланган нормадаги озиқ-овқат, кийим-кечак, пул таъминоти, штатдаги лавозимларга тайинланган ишчи ва хизматчиларни пул билан таъминлаш учун маблағлар тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ушбу олий таълим муассасаларини сақлаш бўйича назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида ажратилади.

Олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари тўғрисидаги низомга кўра, резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлайдиган ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари ўз мақомига кўра, Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига тенглаштирилади.

ОТМ талабалари ҳарбий тайёргарлиги - қуролли кучлар учун резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш мақсадида ташкил этиладиган ва ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида ўтказиладиган назарий ва амалий машғулотлар, ўқув йиғини, якуний давлат аттестацияси ва ватанга қасамёд қабул қилиш жараёнида амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлардан иборат.

ОТМ кундузги бўлимда ўқиётган эркак талабалар, тиббий ОТМ талабалари жинсидан қатъий назар ҳарбий тайёргарликдан ўтади (ўқишга жалб қилинадиган хотин-қиз талабалар сони умумий талабалар сони 10 фоизидан ошмаслиги керак).

Ҳарбий тайёргарликка 27 ёшгача (ўқишга қабул қилинган йили мазкур ёшга тўлган) бўлган, саломатлиги бўйича ҳарбий хизматга яроқли ва саралаш танловидан ўтган талабалар жалб этилади.

Ҳарбий-ҳисоб ихтисосликлари бўйича резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш дастури талабалар ҳарбий тайёргарлиги асосий ҳужжати ҳисобланади.

ОТМ резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари Мудофаа вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда белгиланади.

Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида ОТМ талабалари орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш қуйидагича ташкил этилади: “Чақириққача ҳарбий таълим” йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлайдиган ҳарбий таълим факультетларида - бир йил, 2-курсда; тиббий ОТМ ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмасида - 2 йил давомида, 3 ва 4-курсда; қолган ОТМ ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида - бир йил, 3-курсда.

Мавзуга оид