Бош прокуратура Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, унинг икки нафар ўринбосари ва бошқа мансабдорларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича ниҳоят расмий ахборот берди.

Унда келтирилишича, Термиз шаҳар ҳокимлиги собиқ мансабдор шахсларига нисбатан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 167- (талон-торож), 205- (ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-(мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

24 сентябр куни Термиз шаҳар собиқ ҳокими, кейинчалик унинг 2 нафар ўринбосари ва жиноятга алоқадор бошқа 8 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозиргача Термиз шаҳар ҳокимияти собиқ мансабдор шахслари томонидан давлат ва жамият ҳамда тадбиркорларнинг манфаатларига 35,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

“Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, дейилади Бош прокуратуранинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.

Kun.uz аввалроқ, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига таяниб, Исроил Худойбердиев ва бошқалар томонидан давлат бюджетига етказилган моддий зарар миқдори 19,7 млрд сўм экани ҳақида хабар берганди.

Gazeta.uz эса ҳибсга олинган мансабдор шахслар “Яшил дунё” савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланаётгани ҳақида ёзганди.

ЎзА мазкур жиноят иши бевосита Бош прокуратура томонидан қўзғатилгани, Gazeta.uz эса тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилаётганини маълум қилганди.

Шунга қарамай, Kun.uz мухбири билан суҳбатда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов бу кейс бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирганди.

Маҳкама собиқ ҳокимга нисбатан қўзғатилган йирик жиноий иш ҳақида бир ой давомида нима сабабдан сукут сақланиб келгани эътиборга молик. Бош прокуратура бу коррупцион ҳолат ҳақида ОАВда хабар тарқалганидан кейингина бу ҳақда расмий маълумот бермоқда.