Сабаб — куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган 224-йиғилиш баённомаси. Унга асосан иссиқхоналар ёппа кўмирга ўтиши керак экан. Шу сабабли иссиқхоналарга ортиқ газ етказиб берилмайди.

Тадбиркорлардан бирига берилган огоҳлантириш хати

Оқдарё туманидаги Зарафшон дарёси бўйида 20 гектар майдонда иссиқхоналар қурилган. 2018 йилда бу ерга президент Шавкат Мирзиёев ҳам ташриф буюриб, Корея технологияси асосида барпо этилган иссиқхона хўжаликлари билан таништирилган эди.

Биз иссиқхонада бўлиб, тадбиркорларга микрофон тутдик. Улар экранда кўриниш беришни исташмади. Сабаби — улар «Ҳудудгазтаъминот» ҳали ҳам вазиятни ҳал қилиб беришидан умидвор ва экранда юзи кўриниб, улар билан адоватлашиб қолишни исташмади.

«Нега аввалроқ огоҳлантиришмади? Нега бизга мослашиш учун вақт бермасдан, газларимизни шу куннинг ўзидаёқ узиб ташлашяпти? Ахир ҳозирги совуқ кунларда кечалари ўсимликларни совуқ уриб кетиб, қилган харажатларимиз ва фойдамизга куямиз-ку?» — деб жиғибийрон бўлишмоқда «парникчилар».

Биз 2 гектарлик иссиқхоналардан бирида иш бошқараётган киши билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, 15-20 нафар аёл бу ерда мавсумий иш билан таъминланган.

Тадбиркорлар катта миқдордаги имтиёзли кредитлар эвазига Корея технологияси бўйича энергия самарадор иссиқхоналарнинг каркасларини олиб келишган. Уларга газ билан иситилувчи қозонхона қилинган. Зудлик билан уни бошқа ёқилғига мослаштириш камида бир ой талаб этади.

Бундан ташқари, мавсумий экинга тайёрланиш учун 500 миллион сўмдан ортиқ харажат қилишган. Кунига мавсумий ишчиларнинг иш ҳақи учун 1 миллион сўмдан ортиқ харажат бўлади.